АҚШда ўтган кеча-кундузда COVID-19 инфекциясига чалиниш бўйича бир миллиондан зиёд ҳолат қайд этилган.
Bloomberg агентлиги хабарига кўра, бу пандемия бошидан бери дунёнинг исталган мамлакатида қайд этилган кундалик кўрсаткичдан юқоридир. АҚШнинг ўзида коронавирус юқтириб олиш билан боғлиқ сўнгги антирекорд бундан 5 кун муқаддам қайд этилганди. Ўшанда бир суткада 590 минг киши COVID-19 га чалингани айтилган. Кечаги рақам эса бундан қарийб икки баравар кўпдир.
Хасталик юқишининг бу қадар шиддатли тус олиши “Омикрон” штаммининг ёйилиши билан боғланмоқда. Дастлабки маълумотларга кўра, мазкур штамм бошқаларидан юқувчанроқ, бироқ енгилроқ кечувчи бўлиб ҳисобланади.
Вирусга чалиниш ҳолатлари кўпайиши ортидан Қўшма Штатларда мактаб, тиббиёт муассаслари, авиаширкатлар, полиция ва ўт ўчириш департаментларида кўплаб ходимлар ишга чиқолмай қолишган. Бунинг натижасида рейслар бекор қилинмоқда, мактаблар ёпилмоқда ва ходимларни ишлаш учун офисга қайтариш ишлари тўхтатилмоқда.
АҚШ Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар вазирлиги маълумотига кўра, касалхоналарда коронавирусга чалинган беморлар банд қилган ётоқ жойлари сони сўнгги тўрт ой ичида илк бор 100 мингтадан ошган.