Ғанининг сўзларига кўра, 15 августда, толиблар Кобулни эгаллаган куни у бу кун президент лавозимидаги сўнгги куни бўлиши ҳақида «мутлақо тасаввурга эга бўлмаган» ҳолда уйғонган. У бўлиб ўтган воқеаларни уни Афғонистондан Ўзбекистонга, сўнгра Бирлашган Араб Амирликларига етказган самолёт бортида англаб етган.
Собиқ президентнинг айтишича, дастлаб «Толибон» тарафдорлари Кобулга кирмасликка сўз берган, «аммо икки соатдан сўнг бу ваъдадан асар ҳам қолмаган».
«Толибларнинг иккита турли гуруҳи икки тарафдан ҳужум қилди, — деди Ғани. – Улар ўртасида аҳолиси беш миллионлик шаҳарни вайрон қиладиган ва одамлар ҳаётини издан чиқариб юборадиган кенг миқёсли тўқнашув келиб чиқиши хавфи бор эди».
Ғанининг сўзларига кўра, у Кобулдан хотини ва миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси эвакуация қилинишига розилик берган, ўзи эса мудофаа вазирлигига бориш учун автомобилни кутиши керак бўлган. Автомобил келмаган. Ҳайдовчи ўрнига «даҳшатга тушган» президент қўриқчилари бошлиғи келган ва Ғани қаршилик кўрсатишда давом этадиган бўлса, «ҳаммамизни ўлдиришлари»ни айтган.
«У менга икки дақиқадан кўп вақт бермади, — дейди собиқ президент. – Дастлабки режаларга кўра, мен Ҳостга учишга тайёрланишим керак эди. Аммо у Ҳост ҳам, Жалолобод ҳам қулаганини айтди. Мен қаерга учаётганимизни билмасдим. Фақат парвоздан кейин Афғонистонни тарк этаётганимиз маълум бўлди. Буларнинг бари кутилмаганда содир бўлди».
Айримлар Ғани ўзи билан катта миқдорда нақд пул олиб кетганини таъкидлашди, аммо собиқ президент бу айбловни рад этди ва бу бўйича халқаро суриштирув ўтказишга чақирди.
«Мамлакатдан ҳеч қандай пул олиб чиқиб кетмаганимни қатъиян таъкидламоқчиман, — деди Ғани. – Менинг қандай яшашимни ҳамма билади. Пулни нима қиламан?»
Ғани ҳукумат ағдарилишига Афғонистондан Америка қўшинларини олиб чиқиб кетиш тўғрисидаги толиблар ва АҚШнинг ўша вақтдаги президенти Доналд Трамп ўртасида тузилган келишув сабаб бўлган деб ҳисоблайди.
«Тинчлик жараёни ўрнига чекиниш жараёнига дуч келдик. «Толибон» билан келишув бизни Ер юзидан супуриб ташлади».
kun.uz