Варшавада ўтаётган шахматнинг рапид йўналиши бўйича жаҳон чемпионатида амалдаги жаҳон чемпиони Магнус Карлсенни мағлуб этган Нодирбек Абдусатторов партиядан кейин қисқа интервью берди. “Менга бироз омад кулиб боқди. Чунки у шунчаки дуранг ҳолатига ҳам тушиб қолиши мумкин эди. Умуман олганда ўйин вақтининг катта қисми анчагина тенг кураш остида ўтди”, – деди ўзбекистолик 17 ёшли шахматчи. Нодирбек жаҳон чемпионини ҳар куни ҳам ютавермаслиги ва ғалабадан кейин ўзини қандай ҳис қилаётгани ҳақидаги саволга ҳам босиқлик билан жавоб берди: “Мусобақа ҳали тугагани йўқ. Мен кейинги партияларга диққат қаратяпман”. Журналист унинг Магнус Карлсенга қарши дона суришидан олдин қандай ухлагани билан қизиқди. “Яхши ухладим. Тўғри, бироз эртароқ уйғондим”, – дея жавоб берди гроссмейстер. 28 декабр куни Нодирбек Абдусатторов норвегиялик рақибини 10-турда мағлуб этган бўлса, 11-турда россиялик Владимир Федосеев билан дуранг қайд этди. Финишга икки тур қолганда турнир жадвали етакчилари – Нодирбек ва Ян Непомняший ҳисобида 8,5 очкодан бор. Нодирбекнинг навбатдаги рақиби – 15 ёшли ҳиндистонлик гроссмейстер Гукеш Доммаражу.