“Қийноқларга қарши қўмита” нодавлат ташкилотининг Шимолий Кавказ бўлими юристи Абубакар Янгулбаев Чеченистонда 21 нафар қариндоши ўғирлаб кетилганини маълум қилди.
Аввалроқ Чеченистон президенти Рамзан Қодиров Янгулбаевни мухолифатнинг 1ADAT телеграм-канали модератори экани тўғрисида баёнот берган эди. Абубакар Янгулбаевнинг айтишича, қариндошларини ўғирлаш орқали ҳукумат унга босим ўтказмоқчи бўлаётир. Янгулбаев мухолифат телеграм-каналига мутлақо алоқадор эмаслигини таъкидлади.
Ҳуқуқ фаолининг айтишича, унинг қариндошларини 23-25 декабрь кунлари Урус-Мартан туманидаги Гўйти қишлоғидан ва Грознийдан ўғирлашган. Қора форма кийган номаълум шахслар унинг қариндошларини полиция бўлимига олиб кетишган. Қора формали шахслар Янгулбаев қариндошларининг паспортлари, телефонлари ва кўчмас мулкка оид барча ҳужжатларини тортиб олишган.
Янгулбаев 22 декабрдан бери то шу кунгача Чеченистонда қариндошлари ўғирлангани тўғрисида баёнот берган олтинчи кишидир. Бунга қадар қариндошлари ўғирлаб кетилгани тўғрисда мухолифатчи блогерлар Тумсо Абдурахманов, Хасан Халитов, Минкаил Мализаев, ҳуқуқ фаоли Мансур Садулаев ва Аслан Арцуев маълум қилган.
Чеченистон расмийлари бу маълумотларни шарҳлашдан бош тортмоқда.