Бухоро вилояти ИИБ хабарига кўра, 34 ёшли Р.Р. ўзга бир фуқарони алдаб, унга ваколатли танишлари орқали 650 минг сўм эвазига ҳайдовчилик гувоҳномаси олиб беришни ваъда қилган. У ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда кимёвий ишлов берилган пулларни олаётганда ушланган.
Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган.
Олдинроқ Жиззахда фуқарога ўқув машғулотларига қатнашмасдан «В» тоифадаги гувоҳнома олиб бериши эвазига 1,2 миллион сўм сўраган шахс ва унинг автомактабдаги шериги, айни шу «хизмат» учун 400 минг сўм пора талаб қилган автомактаб ходими, Ғиждувон туманида фуқарони танишлари орқали имтиҳондан ўтказиб қўйиб, ҳайдовчилик гувоҳномасини «ҳал қилиб бериш» мақсадида 2,45 миллион сўм олган шахс ушланганди.
Бу турдаги жиноятларнинг содир этилаётгани соҳада инсон омили кўплиги билан боғлиқ. Шу сабабли келгусида ҳайдовчилик гувоҳномаси олиш учун имтиҳонлар республика бўйлаб босқичма-босқич хусусий марказларда амалга оширилиши, бунда имтиҳонлар тўлиқ инсон факторидан холи тарзда, автоматлаштирилган электрон тизим орқали қабул қилиниши режалаштирилмоқда.
Савол туғилади: соҳада амалга оширилиши кутилаётган ислоҳотлар тизимни коррупция чангалидан қутқара оладими? Албатта, имтиҳон олиш жараёни шаффоф ва инсон омилидан холи бўлмаса, тизим коррупция ботқоғида қолаверади. Вазият ўнгланмас экан, кўчаларда ўқимаган малакасиз ҳайдовчилар кўпаяверади, улар томонидан содир этилаётган йўл-транспорт ҳодисалари оқибатида ҳар йили минглаб инсонлар ҳалок бўлаверади.
kun.uz