Aфғонистоннинг Kam Air авиакомпанияси 14 декабрдан бошлаб Кобул ва Тошкент ўртасида авиақатновини тиклайди, деб хабар қилди “Ўзбекистон ҳаво йўллари”.
“Бизда яхши янгилик бор – биз 14 декабрдан рейсларни тиклаймиз”, — деди авиакомпаниянинг Ўзбекистондаги вакили.
Kam Air вакилининг таъкидлашича, дастлаб йўловчи рейслари ҳафтасига икки марта – сешанба ва шанба кунлари амалга оширилади.
Ноябрь ойи охирида Aфғонистоннинг Бахтар агентлиги Kam Air раҳбари Замари Камгар баёнотига таяниб, Кобул ва Тошкент ўртасидаги авиақатнов декабрь бошида тикланиши мумкинлигини хабар қилганди.
Камгарнинг айтишича, ҳаво транзити муаммоси ҳал қилинган. Бироқ ўшанда Ўзбекистон томони Кобул ва Тошкент ўртасида мунтазам авиақатновлар тикланиши ҳақида ҳеч нарса билмаслигини айтган.