Янги Зеландия 2008 йилдан кейин туғилган шахсларга тамаки маҳсулотларини сотишни тақиқловчи қонунни қабул қилиши кутилмоқда. Мазкур қонун лойиҳаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган. Қонун 2022 йилда қабул қилинади.
Қонунга асосан 2008 йилдан кейин туғилган шахсларга бутун умри мобайнида тамаки сотиш тақиқланади. Бундан ташқари мамлакатда тамаки сотувчи дўконлар сони 16 маротабага қисқартирилади ва ҳозирги 8 минг ўрнига 500 та дўконда тамаки маҳсулотлари сотилишига рухсат берилади.
Янги Зеландия ҳукумати мазкур қонун қабул қилиниши ортидан 2008 йилдан кейин туғилган авлод тамаки чекиш каби зарарли одатдан ҳоли бўлишига умид қилмоқда. Бунинг ортидан эса бир неча ўн йилликлардан сўнг Янги Зеландия мутлақо тамаки маҳсулотлари сотилмайдиган давлатга айланади.
Ҳукумат 2025 йилгача тамаки чекувчилар сонини 5 фоизга озайтиришни режалаштирмоқда. Бугунги кунда Янги Зеландияда ҳар 8 кишидан 1 нафари сигарет чекади.
Тамакига қарши кураш бошланмай туриб, яъни 10 йил аввал ҳар беш кишидан бири сигарет чекар эди.