Жаҳонда қамоқда сақланаётган журналистлар сони ўтган йилдагига нисбатан кўпайди, деб билдирди Журналистларни ҳимоя қилиш халқаро қўмитаси навбатдаги ҳисоботида.
Қўмитанинг қайд этишича, ўтган йили касбий фаолияти билан боғлиқ равишда 280 журналист қамалган эди. Жорий йилнинг декабригача эса жаҳонда қамалган журналистлар сони 293 кишига етди.
Журналистларни таъқиб қилиш бўйича уч йилдан бери биринчи ўринни Хитой эгаллаб келмоқда. Бу мамлакатда 50 нафар журналист қамалган. Иккинчи ўриндаги Мьянмада 26 журналист, учичнчи ўриндаги Мисрда 25 журналист, тўртинчи ўриндаги Вьетнамда 23 журналист қамоқда сақланмоқда.
Беларусь эса жазога тортилган журналистлар сони бўйича жаҳонда бешинчи ўринга чиқди. Бу ерда 19 журналист қамалган. Сўнгги бир йил ичида Беларусда 9 журналист озодликдан маҳрум этилди.
Қўмита ҳисоботида сўнгги бир йил ичида камида 24 журналист бевосита касбий фаолияти учун ўлдирилгани қайд этилган. Қўмита яна 18 журналист ўлдирилганини, бироқ улар айнан касбий фаолияти учун ўлдирилганини исботлаш мумкин бўлмаганини билдирди.