Мия чайқалиши ҳолати асосан ошга кучли зарба берилиши, бирор қаттиқ жисмга урилиб, калла суягининг шикастланиши натижасида юзага келади.
Мия чайқалиши кузатилганда беморда бош айланиши ва оғриши, кўнгил айниши, қайт қилиш ҳоллари рўй беради. Айрим пайтларда бемор бўлиб ўтган воқеаларни эслай олмайди. Тиббиётда бу ҳолат ретроград амнезия (хотирасини қисман йўқотиш, яъни жароҳатланишдан аввалги ва кейинги воқеаларни эслай олмаслик) деб юритилади.
Бошни бирор қаттиқ жисмга уриб олиш ёки бошқа бир сабаб туфайли зарарланиш юзага келганида бемор ҳушини йўқотган тақдирда, мия ҳолатини текшириш зарурати туғилади.
Мия чайқалиши ташхисини фақат шифокоргина қўйиши мумкин. Бу жараёнда шифокор беморда брадикардия ёки тахикардия аломатлари бор ёки йўқлигини текшириб кўради. Шу билан бирга беморнинг умумий аҳволи ҳам инобатга олинади. Мия чайқалиши кузатилганда беморнинг юзи бироз оқарган, ўзи эса карахт аҳволда бўлади. Шу билан бирга беморда қўл қалтираши, терлаш, тана аъзоларининг айримларида сезги аъзолари фаолияти бузилиши каби ҳолатлар кузатилади. Муаммо жиддий бўлса, яъни кучли мия чайқалиши кузатилса бемор хотирасини буткул йўқотади. Шу билан бирга унда оёқ-қўлларнинг қисман фалажланиши каби ҳоллар учрайди.
Беморга аниқ ташхис қўйиш учун бош суяги рентгенографияси, ЭХО ва компьютер томографияси каби текширувлар амалга оширилади.