Машҳур ўзбекистонлик сартарош Шуҳрат Исматиллаев ўн соатда 100 кишининг сочини олишни мақсад қилди ва буни амалган оширди. Бу натижа билан у Гиннеснинг рекордлар китобига кириши кутилмоқда. Шуҳрат Исматиллаев 28 ёшда. Профессионал доираларда у сартарошлик бўйича халқаро чемпионатларнинг ғолиби сифатида танилган. Шуҳрат Исматиллаев ўз фаолиятини Тошкент вилояти, Янгийўл туманидаги гўзаллик салонларидан бирида бошлаган. Бир йил ўтгач эса у касб маҳоратини ошириш учун Санкт-Петербургга боради. Исматиллаев 2018 йилнинг охиригача Россияда яшаб, меҳнат қилган.