Кеча Coca Cola Суперлига 23-тури доирасида "Бунёдкор" жамоаси ўз майдонида "Турон"ни 3:1 ҳисобида мағлуб этди. Кечаги мағлубиятдан сўнг яйпанликларнинг Суперлигада жон сақлаб қолиш имкониятлари кескин пасайиб кетди. "Championat.asia" сайти манбаларининг маълум қилишича, "Турон"ни бошқариб келаётган Игорь Шквирин бош мураббийликдан кетди. Мавсумнинг қолган 3 ўйинида жамоани бошқа мутахассис бошқаради. Игорь Анатольевич шу йилнинг 23 июнь санасида "Турон" бош мураббийига айланганди. Шундан сўнг жамоа кетма-кет 5 тур мағлубият нималигини билмади (2 ғалаба ва 3 дуранг), аммо кейинги 8 турнинг еттитасида футболчилар майдонни бошлари эгик ҳолда тарк этишди. Суперлигада яйпанликлар бош мураббийлигидаги 13 турда Шквирин 2 ғалаба, 4 дуранг ва 7та мағлубият қайд этди. Тўплар нисбати - 11:20. Эслатиб ўтамиз, айни пайтда "Турон" Суперлига турнир жадвалида 23 ўйиндан кейин 13 очко тўплаган ҳолда сўнгги поғонада бормоқда. Ундан юқоридаги "Машъал" ва "Андижон"да 18тадан очко ва захирада биттадан ўйин бор.