“Яшариш” тушунчаси ҳар доим ҳам ижобий маънони англатмайди. Хусусан, касалликлар статистикасида! Масалан, кейинги йилларда юрак-қон томир хасталикларида яшариш кўрсаткичлари қайд этилмоқда. Ҳозирга келиб 18-20 ёшлилар орасида ҳам шу дарддан азият чекаётганлар кам эмас. Хўш, бунинг сабаби нимада?
Ушбу саволимизга малакали кардиохирург, тиббиёт фанлари доктори, профессор Рустам ЁРБЕКОВдан жавоб олдик.
— Бизга кўпроқ кекса ёшли инсонлар юрак хасталиги билан мурожаат қилишади, — дейди кардиожарроҳ. — Бироқ бемор ёши қанча катта бўлса, асорат хавфи ҳам шунча юқори.
Европа мамлакалари, Япония ва Россияда ҳам вазият шундай. Бундай хасталикка чалинганларнинг аксарияти — 80 ёш атрофидаги кишилар. Лекин уларнинг юрак-қон томирлари худди бизнинг 50 ёшли беморларимизники сингари ҳолатда. Нега шундай?
Чунки улар тўғри овқатланишга риоя қилиб, кўпроқ ўсимлик маҳсулотларини танаввул қилишади. Углеводлардан бироз тийилади. Шу боис қон томирлари шикастланмайди.
Бизда эса юрак-қон томири касалликларининг 90 фоизи — нотўғри овқатланиш ва камҳаракатлик оқибатида келиб чиқади, деб ҳисоблайман.
Энг ёмони, юрак хасталиги ёшлар орасида ҳам кўпаймоқда. Бунда чекиш, спиртли ичимликлар истеъмоли, стресс, кам ҳаракатланиш, нотўғри овқат рациони каби омилларнинг ҳам таъсири катта.
Мисол учун, чекишни ташлаган одамда 2-3 ой ўтиб ўпка фаолияти 30 фоизга яхшиланиши тиббиётда ўз тасдиғини топган. Бир йилдан сўнг эса юрак ишемик касаллиги ривожланиши хавфи 50 фоизга камаяди.
Шунингдек, ортиқча вазн ҳам турли хавфли касалликларни келтириб чиқаради. Айни сабабдан тана вазнини назорат қилиш мақсадга мувофиқ, Хусусан, бел айланаси эркакларда 94, аёлларда эса 80 сантиметрдан ошмаслиги лозим. Чунки вазннинг 10 килограммга камайиши қон босимининг 5-20 мм симоб устунига пасайишга сабаб бўлади. Кунига 30 дақиқалик жисмоний фаоллик ҳам қон босимини 4-9 мм симоб устунига камайтиради.
Юртимизда бу борадаги муаммоларнинг олдини олиш кейинги йилларда давлат сиёсати даражасига кўтарилаётгани қувонарли ҳол. Жумладан, Президентимизнинг 2020 йил 30 октябрдаги “Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ҳамда 2020 йил 10 ноябрдаги “Аҳолининг соғлом овқатланишини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ўз вақтида қабул қилинган жуда муҳим ҳужжатлардир.
Биз, шифокорлар одамларга жсмоний фолликни, хусусан, кунига камида 4-5 километр пиёда юришни тавсия қиламиз. Албатта, бу узоқ умр ва соғлом ҳаёт гарови.
Энди худди шу қоида ва тавсияларга амал қилганлар давлат томонидан рағбатлантириляпти. “Соғлом турмуш тарзи” платформаси айни жиҳати билан ҳам — жуда ажойиб ва самарали лойиҳа.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.