Жорий йилнинг январь-сентябрь ойларида Ўзбекистонга Facebook 7,6 миллиард сўм, Google Commerce Limited 4,6 миллиард сўм, Apple 2,2 миллиард сўм, Netflix 331 миллион сўм, Yandex эса 256 миллион сўм солиқ тўлаган. Бу ҳақда Давлат солиқ қўмитаси матбуот хизмати маълумот тарқатди.
Қайд этилишича, ўтган 9 ой давомида юқорида номлари зикр этилган ва бошқа ширкатлар тўлаган солиқ миқдори 15,2 миллиард сўмга етган.
ДСҚ маълумотига кўра, 2021 йил бошидан бери мамлакатда 9 та хорижий ширкат қўшимча қиймат солиғини тўловчи сифатида рўйхатдан ўтган.
Ўзбекистонда ўтган йилнинг 1 январидан Солиқ кодексига ўзгартишлар кучга кириб, мамлакатда “Google солиғи” дейилган солиқ тури жорий этилганди. Мазкур солиқни дастурий таъминотдан фойдаланиш, шу жумладан, Интернет тармоғи орқали ўйинлар, электрон китоблар, ўқув қўлланмалари, мусиқа асарлари ва бошқалардан фойдаланиш ҳуқуқини бериш орқали электрон хизматлар кўрсатадиган компаниялар тўлайди.
Интернет-компаниялари рўйхатдан ўтиши учун қулайлик яратиш мақсадида Давлат солиқ қўмитаси томонидан ҚҚС-офис ишга туширилган.
“Ушбу манба хорижий юридик шахсларга Ўзбекистонда ҚҚС тўловчи сифатида рўйхатдан ўтиш учун ариза бериш, онлайн шахсий кабинетдан фойдаланиш, (ҳисобот тақдим этиш ва солиқ тўлаш) шунингдек, солиққа тортиш билан боғлиқ барча саволларга жавоб олиш имконини беради”, дейилган ДСҚ хабарномасида.