“Ҳар бир мамлакатнинг замонавийлашганининг асосий белгиларидан бири – бу ҳокимият бўғинлари ўртасидаги бир-бирини тийиб туриш ва назорат қилиш механизмлари яратилгани билан боғлиқ. Ўзбекистонда охирги беш йил мобайнида энг муҳим ислоҳотлардан бири – бу парламент, халқ вакилларининг давлат ва халқ муаммоларини ҳал қилишдаги ўрни ва таъсирининг ошгани бўлди. Бугунги кундаги Ўзбекистон парламентини беш йил олдинги парламент билан қиёслаб бўлмайди”, – дея унинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.
Содиқ Сафоев парламент фаолиятидаги 6 ўзгаришни санади:
Қонун ижодкорлиги
Биринчи навбатда, қонун ижодкорлиги тобора такомиллаштирилмоқда. Бир нарсани айтмоқчиман, бугун қуйи палатада ҳам Сенатда ҳам қонун қабул қилиш жараёни фақат депутат ва сенаторлар билан чекланмаяпти. Ҳар бир қўмита қошида ижтимоий эксперт комиссиялари таъсис этилган ва улар қонуннинг биринчи босқичидан бошлаб уни ишлаб чиқишда таъсир кўрсатади. Бу комиссияларга, авваламбор, мутахассис, олимлар, ННТ вакиллари киради. Улар бутун жамият спектрининг фикрларини қамраб олиш учун имконият бермоқда.
Парламент очиқлиги
Яна бир ўзгариш – парламент фаолиятининг очиқлиги. Мен билмайман, бошқа мамлакатларда сенат мажлислари онлайн узатилишини, аммо бизнинг сенатимизнинг ялпи мажлислари онлайн режимда бутун халққа кўрсатилади ва аҳоли нафақат уни кузатиши мумкин, балки интерактив тарзда муҳокамаларга ўз муносабатини билдириши, савол бериш имконияти бор. Бу парламент очиқлиги ва шаффофлигини кўрсатади.
Назорат функциясининг кучайгани
Назорат парламентнинг асосий функцияларидан бири. Бугунги кундаги ҳукумат аъзолари, вазирлар келиб парламент сўрови бўйича ахборот беради. Бу шундай жараёнки, ҳар бир эшитув парламентда чуқур тайёрланади. Фақатгина ҳукумат аъзолари эмас, маҳаллий органлар вилоят ҳокимларининг ҳисоботларини эшитиш амалиётини жорий этганмиз.
Бюджет масаласи
2016 йилдан олдинги даврда парламентга келадиган бюджет ниҳоятда умумлаштирилган эди. Яъни абсолют рақамлардан иборат бўлмаган тушунилиши қийин бўлган ҳужжат келарди. Бу шунчаки кўриб чиқиладиган масала эди. Ҳозир эса бюджет қўмиталарда, ялпи мажлисларда ойлаб кўрилмоқда, парламент томонидан берилган тавсиялар асосида бюджетга йирик ўзгартиришлар киритилмоқда. Биринчи навбатда улар ижтимоий соҳа, таълим, соғлиқни сақлаш билан боғлиқ.
Парламентга ҳисобдорлик
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси элчилари сенат олдида мунтазам ҳисобот беришади. Бу ҳали битта мисол, Ташқи ишлар вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Бош прокуратура, Марказий банк раиси, Ҳисоб палатаси раиси – барчаси парламентга ҳисобот беради.
Олдимизда турган энг муҳим масалалардан бири маҳаллий кенгашларни ривожлантириш. Демократик жараёнлар учун бу жуда муҳим. Охирги беш йилда кўриб турибмиз, маҳаллий кенгашлар тутган ўрни ривожланмоқда. Вилоят, туман, шаҳар ҳокимлари ўз тегишли кенгашлари олдида ҳисоб бермоқда. Давлат органларининг маҳаллий бўғинлари ҳам мунтазам равишда маҳаллий кенгашларга ўз ҳисоботларини бериши керак. Маҳаллий кенгашда шаклланаётган қўшимча тушумларни тақсимлаш маҳаллий кенгашлар розилигини талаб этади. Бу демократиянинг яна бир кўриниши.
Халқаро парламентлараро муносабатлар тикланди
Ҳеч қачон бизда бўлмаган – мамлакатлараро парламентлар муносабати ўрнатилди. Умумий масалаларни эмас, минтақалар ўртасидаги муносабатларни ривожлантириш, бизнес учун имконият яратиш масалаларини кўриб чиқмоқдалар. Ўзбекистон минтақалараро, парламентлараро ташкилотларда ўз фаолиятини муносабатларини тиклади. МДҲ парламент ассамблеяси, Европадаги хавфсизик ва ҳамкорлик ташкиотининг парламент ассамблеясида тўхтатилган фаолияти янгидан бошланди.
Эндиликда, парламент олдида турган вазифа – тўғридан тўғри амал қиладиган қонунларни ишлаб чиқиш ҳисобланади.