Толибон Панжшир вилоятини тўлиқ ўз назоратига олгани тўғрисида баёнот берди. Мазкур вилоят шу кунгача Афғонистонда Толибон назоратидан ташқарида қолаётган ҳудуд эди. Айни пайтда Аҳмад Маъсуд раҳбарлигида Панжширда ташкил этилган аксилтолиб кучлар бу баёнотни инкор этмоқда.
6 сентябрь куни тарқатилган бу хабарни расман тасдиқлашнинг имкони ҳозирча мавжуд эмас. Панжшир вилоятида жангарилар телефон, интернет алоқаси ва электр таъминотини ўчириб қўйган.
Толибон 15 август куни Кобулни босиб олгани ортидан Афғонистон устидан назоратни ўз қўлига киритган эди. Президент Ашраф Ғани мамлакатни тарк этган.
Толибон расмий вакили Забиҳуллоҳ Мужоҳиднинг айтишича, Панжшир Толибон қўлига ўтиши билан “мамлакатда уруш олови бутунлай ўчирилади”.