Қозоғистонда коронавирусга қарши эмланмаганлар 6 сентябрдан бошлаб иш жойига киритилмайди. Бу ҳақда Қозоғистон Бош санитар врачи қарор чиқарди.
Билдирилишича, мазкур қарор соғлиғи яхши бўлмагани туфайли вакцина олиш тавсия қилинмайдиган шахсларга тегишли эмас. Эмланмаган ишчи-хизматчилар ҳар ҳафтада камида бир марта коронавирусга тест топширишга мажбур бўлади.
19 миллион аҳоли яшайдиган Қозоғистонда оммавий эмлаш жараёни жорий йил февралда бошланган. Шу кунгача 6,7 миллион киши камида бир марта, 5,6 миллион киши тўлиқ эмланди.
Қозоғистонда эмлаш асосан Россиянинг Спутник V ва маҳаллий QazVac вакциналари билан амалга оширилмоқда.
5 сентябрда Қозоғистонда яна 3897 кишида коронавирус аниқланган, бир кун ичида беморлардан 91 нафари вафот этган.