Толибон Кобул шимолидаги Панжшер водийсини эгаллаб олганини даъво қилмоқда.
Бу ҳақда Толибоннинг учта манбаси Рейтерс агентлиги билдирган.
Панжшер Толибоннинг асосий рақиблари жойлашган охирги Афғонистон минтақасидир.
"Аллоҳ таолонинг инояти билан биз бутун Афғонистонни назорат қиляпмиз. Бузғунчилар мағлубиятга учради, энди Панжшер бизнинг қўлимизда", - деди Толибон қўмондонлигидаги манбалардан бири.
Аммо, бу хабар тўлиқ тасдиғини топмаган.
Мухолифат етакчиларидан бири, собиқ вице-президент Амрулла Солиҳ Толибонга қаршилик давом этаётгани, ўзининг Афғонистондан қочгани ҳақида хабар ёлғон эканини айтди.
Афғонистон шимолидаги Панжшер тоғли водийси сўнгги кунларда оғир ва қонли жангларга саҳна бўлди.
Толибонга қаршилик кўрсатишнинг охирги кўрғонига айланган водийда марҳум қўмондон Аҳмад Шоҳ Масуднинг ўғли Аҳмад Масуд бошчилигидаги бир неча минг жангарилар ва собиқ ҳарбийлар яшайди.