Кеча, 3 август куни соат 11:05 да Фарғона вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармасига Фарғона шаҳри кўчаларининг бирида жойлашган кўп қаватли уйларнинг юқори қаватида истиқомат қилувчи фуқаронинг кечадан буён кўчага чиқмаётганлиги, қўшнилар томонидан чақирилганда, ҳеч ким жавоб бермаганлигидан хавотирланиб, мурожаат қилинган. Бу ҳақда ФВВ Матбуот хизмати маълум қилди.
Қутқарувчилар томонидан профилактика инспектори ҳамкорлигида махсус ускуналар ёрдамида 3-қаватда жойлашган хонадоннинг балкони орқали уйга кирилиб, эшик очилди ва хонадон ётоқхонасида фуқаронинг бетоб бўлиб ётиб қолганлиги аниқланди.
Онахонга биринчи ёрдам кўрсатилиб, малакали тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида шифокорларга топширилди. Ҳозирда унинг аҳволи яхши.