АОКАда 15 июль куни бўлиб ўтган брифингда Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Севара Убайдуллаева коронавирус туфайли ўпкаси 80 фоизга зарарланган беморларнинг тузалиб кетиш имкониятлари тўғрисида маълумот берди. Бу ҳақда «Bugun.uz» мухбири хабар қилди.
Севара Убайдуллаеванинг маълум қилишича, коронавирусга чалинган беморлар тўлиқ шифокор назоратида бўлиши керак. Шунингдек, у оғир аҳволдаги беморларнинг касалликдан тузалиши қийин кечишини таъкидлади.
«Ўпканинг 80 фоиз жароҳатланиши — жуда оғир ҳолат. Бундай жароҳатланиши бўлганлар реанимацион давони оладилар. Бу ҳолатдан тузалиб кетиш учун катта сабр ва матонат талаб этилади. Чунки ўпканинг 80 фоиз зарарланиши у деярли фаолият юритмаётганини билдиради. Бугунги кунда стационарларда дори воситалари мавжуд бўлгани ва унинг давода қўлланилиши ҳаммада ҳам ижобий натижа бермаслиги мумкин. Бу ҳақда биз кўп бора таъкидлаб гапирамиз, агарда беморнинг организмида бошқа сурункали касалликлари хуружи кузатилса, бу беморлар саломатлиги тикланмаслиги ҳам мумкин», —деди Севара Убайдуллаева.
Штаб аъзосининг сўзларига кўра, коронавирус юқтирган инсонларда касаллик енгил ёки оғир тарзда кечадиган бўлса ҳам, тўлиқ тузалмагунларига қадар шифокор назоратида бўлиши талаб этилади.