«Мен нафақат АҚШ ҳарбийларига, балки НАТО кучларига ҳам ёрдам берган таржимонлар ва бошқа одамлар ҳақида ўйлайман. Афтидан, улар шунчаки бу шафқатсиз одамлар қўлида сўйилиш учун ташлаб қўйилмоқда, бу эса юрагимни тирнайди», — деди у. Бушнинг қўшимча қилишича, Афғонистон аёллари ва қизларини ҳам жангарилар ҳукмронлиги остида «беҳисоб азоб-уқубатлар» кутмоқда.

АҚШ ҳарбий кучлари Афғонистонда 2001 йилдан бери бўлиб турганди. Мамлакатдаги миссия 2001 йил 11 сентябрдаги террорчилик ҳужумларидан сўнг бошланган. Ҳужумлар учун жавобгарликни «Ал-Қоида» ўз зиммасига олган. Тахминан 3 минг киши Нью-Йоркдаги терактлар қурбонига айланган, ҳужумнинг асосий нишони Жаҳон савдо маркази ва Пентагон бўлган.

Террорчилик ҳужумларидан сўнг кичик Жорж Буш ҳужумларда иштирок этган террорчиларни йўқ қилишга қаратилган «Енгилмас озодлик» операциясини бошлашга буйруқ берди. Афғонистондаги уруш ушбу операциянинг асосий қисмига айланди. Пентагоннинг расмий маълумотларига кўра, 2001 йилдан 2014 йилгача расман давом этган операцияда 2 218 нафар америкалик ҳарбий ҳалок бўлган.

Ушбу статистика 2014 йил АҚШ армияси томонидан Афғонистон ҳукуматини қўллаб-қувватлаш бўйича НАТОнинг қўшма операцияси эълон қилингандан бери кўрилган зарарларни ўз ичига олмайди. Қўшма Штатлар жанговар ҳаракатларни расман тўхтатганига қарамай, Америка ҳарбийлари «Толибон» билан тўқнашувларда иштирок этишда ва террорчилар позицияларига зарба беришда давом этди.

Афғонистондан НАТО қўшинларини олиб чиқиш 29 апрелда бошланган, АҚШ ва «Толибон» ўртасида тузилган келишувга биноан жараён кузда якунланиши керак. Сўнгги маълумотларга кўра, АҚШ Афғонистондаги ҳарбий контингентининг 90 фоиздан кўпроғини олиб чиқиб кетди.

Аввалроқ «Толибон» барча чет эл қўшинлари Афғонистонни ўз муддатида тарк этишини талаб қилгани ҳақида хабар берилганди. АҚШ Афғонистондан ўз қўшинларини олиб чиқиш амалиёти август охирига қадар тугашини маълум қилди.

Associated Press хабарига кўра, АҚШ қўшинларининг асосий қисмини олиб чиққанидан кейин Афғонистонда 650 га яқин америкалик ҳарбийни қолдирмоқчи. Таъкидланишича, Афғонистонда қоладиган ҳарбийлар дипломатларнинг хавфсизлигини таъминлайди.

Бугунга қадар Германия, Италия ва Австралия Афғонистондан ўз қўшинларини олиб чиқишни якунлади.