Россия Банки мамлакат мигрантлари МДҲ давлатларига қанча миқдорда пул жўнатаётганини маълум қилди. Бу ҳақда «Sputnik Ўзбекистон» хабар берди.
Маълум қилинишича, йил давомида фақат ўзбекистонлик мигрантларнинг пул ўтказмалари миқдори ошган. Ўзбекларнинг мамлакатга юборган маблағи 680,4 миллион долларга тенг бўлган. Бу 2020 йилгига нисбатан 12,4 фоиз кўпроқ саналади.
Аниқланишича, қолган барча МДҲ давлатларига ўтказмалар ҳажми 2020 йилнинг шу даврига нисбатан 13,5 фоизга камайган ва 1,85 миллиард долларни ташкил этган.
Хабарда кўрсатилишича, мигрантларнинг Молдовага пул ўтказмалари 2 бараварга (44,8 миллион доллар) камайган. Шунингдек, Тожикистонга 37,3 фоизга (224,9 миллион доллар), Украинага 32,6 фоизга (153,1 миллион доллар), Озарбайжонга 29 фоизга (127,7 миллион доллар), Қозоғистонга 28,2 фоизга (20,6 миллион доллар), Қирғизистонга 10 фоизга (378,8 миллион доллар) камайди.
Бундан ташқари, Туркманистонга юбориладиган пул ўтказмаларида энг кучли пасайиш рўй берган. 2020 йилнинг I чорагида республикага 0,8 миллион доллар жўнатилганди. Ҳозирда бу рақам 0,1 миллион долларни кўрсатмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россияда мигрантларга доир яна бир қарор ишлаб чиқилгани хабар қилинганди. Шунингдек, Россияда мигрантларни коронавирусга қарши эмлаш бошлангани маълум қилинган.