Самарқандда иш вақтида 19 ёшли қизнинг зўрлангани билан боғлиқ иш вилоят прокурори томонидан назоратга олинди. Бу ҳақда Самарқанд вилоят прокуратураси матбуот хизмати маълумот тарқатди.
Аввалроқ вилоят Ички ишлар бошқармаси Пастдарғомдаги текстиль корхоналаридан бирида ишлайдиган қизнинг номусига теккан 28 ёшли А.Ф. га нисбатан 12 июнь куни мамлакат Жиноят кодексининг 118-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилгани, айбланувчига нисбатан сирттан қамоққа олиш тарзида эҳтиёт чораси қўлланилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани ҳақида маълум қилганди.
Маълумотларга кўра, 19 ёшли қизнинг номусига тегиш билан боғлиқ ҳодиса шу йил 23 майида рўй берган. А.Ф. қизни ишлаётган жойидан олиб кетиб, корхона яқинидаги қурилиши тугалланмаган 9 қаватли бино олдига олиб бориб зўрлаган.
Вилоят прокуратураси хабарномасида ҳодиса 23 июнь куни вилоят прокурори Равшан Машарипов ва сенатор Фармон Тошев бошлигида вилоят прокуратураси ва ИИБ раҳбарларининг соҳавий ўринбосарлари, тармоқ раҳбарлари, ИИБ терговчилари, жабрланувчи, айбланувчи, уларнинг вакиллари ва ҳимоячилари, кенг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида муҳокама қилингани айтилган.
Муҳокама жараёнида вилоят прокурори жиноят иши юзасидан тергов ҳаракатлари малакали ўтказилмагани, муқаддам шунга ўхшаш ҳолатларда йўл қўйилган камчиликлар ҳанузгача такрорлаб келинаётганлигини, айбдор аниқ бўлса-да ҳолат ижтимоий тармоқларда ёритилган сўнг айбланувчига нисбатан 21 июнь куни эҳтиёт чораси танланганлигини таъкидлаган ҳамда ишни шахсан ўзи назоратга олишини билдирган.