Ўзбекистонда судьяларнинг ойлик иш ҳақлари ошгани оқибатида тизимда коррупция ҳолатлари камайган. Бу ҳақда Судьялар олий кенгаши раиси ўринбосари Алишер Жалилов 22 июнь куни журналист ва блогерлар учун Тошкентда ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилган.
Qalampir.uz нашри хабарига кўра, матбуот анжумани чоғида А. Жалилов жорий йилдан бошлаб Ўзбекистонда судьяларнинг маоши оширилгани, бироқ улар олаётган маош миқдорини хизмат сири бўлгани учун ошкор қилиб бўлмаслигини қайд этган.
Айни пайтда мулозим бугунги кунда ўзбекистонлик судьялар камида 16 миллион сўм (шу кундаги расмий курс бўйича 1,5 минг АҚШ долларидан кўпроқ – таҳр.) маош олаётганини очиқлаган.
“Aйрим ҳолатларда хизмат сири ёки давлат сири бўлгани сабабли маошлар ошкор қилинмайди. Судьянинг яшаб турган ҳудуди, иш ҳажми ҳисобга олиниб, 18-21 разрядларда ойлик иш ҳақи белгиланади. Мисол тариқасида айтиш мумкин - 18 разрядда ишлайдиган судьялар ойлик иш ҳақи 16 миллиондан бошланади. Ҳар бир судья кўрадиган ишининг ҳажмига қараб 17-18 млн ва ундан ортиқ маош олиши мумкин. Ойлик маошлари оширилган, ижтимоий жиҳатдан ҳимоя қилиниш даражамиз кўтариляпти”, дея иқтибос келтирган А. Жалилов сўзларидан онлайн нашр.