Россияда сиёсий тадқиқотчи Демури Воронин давлатга хиёнат қилганликда айбланиб, ҳибсга олинди.
20 февраль куни Москванинг Лефортово туман суди Воронин камида 13 апрелга қадар тергов изоляторида қолишини маълум қилди.
Россия матбуоти хабарларига кўра, Воронин ғарб разведка агентлигига махфий материалларни юборгани гумон қилинмоқда.
Агар Воронин айбдор деб топилса, 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши ва 500 минг рублгача жаримага тортилиши мумкин.
Россия Тергов қўмитаси бу ҳолат юзасидан ҳали изоҳ бермади.
Сўнгги йилларда Россияда давлатга хиёнат қилиш айбловлари сони кескин кўпайди.
Ўтган йилнинг ёзида «Коммерсантъ» ва «Ведомости» газетаси собиқ мухбири Иван Сафронов Чехия махсус хизматларига махфий маълумотларни етказиб турганликда айбланиб, ҳибсга олинган эди.