Андижон вилояти Жалақудуқ туманида ўз хизмат вазифасидан фойдаланиб банкоматлардан 345,5 млн сўмни ўзлаштирган банк мутахассисига нисбатан жиноят иши қўзғатилди.
Бу ҳақда Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот-хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдинов Телеграм каналида маълум қилди.
АТ "Халқ банки" туман филиалининг мурожаатига асосан Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Жалақудуқ туман бўлими томонидан терговга қадар текширув ўтказилган. Унда банкнинг бош мутахассиси З.И. 2020 йилнинг декабрь ва жорий йилнинг январь ойида туман деҳқон бозорида ўрнатилган банкоматлардан жами 345,5 млн сўм нақд пулни олишга эришганлиги аниқланган, дейилади билдирувда.
Банк мутахассиси ушбу пулларни шахсий эҳтиёжларига сарфлаб, ўзининг ихтиёрида бўлган жуда кўп миқдордаги мулкни ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилганлиги аниқланган.
Бош прокуратурага кўра, мазкур ҳолат юзасидан З.И.га нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.