Россия ҳарбий – тарихий жамияти (РҲТЖ) журналист Александр Невзоровга қарши жиноят иши очиш талаби билан прокуратурага мурожаат этди. РҲТЖ журналистни нацизмни оқлашда айбламоқда. Бунга Совет Иттифоқининг қаҳрамони Зоя Космодемьянская ҳақида Невзоров билдирган фикрлар сабаб бўлди, дейилади ташкилотнинг сайтида.
Невзоров "Эхо Москви" радиостанциясидаги муаллифлик дастурида Космодемьянскаяни жиноий буйруқларни бажарувчи мутаассиб деб атаган. Иккинчи жаҳон урушида йилларида Москва учун жанглар мобайнида Зоя бостириб келаётган немис ҳарбийлари жойлашган учта деҳқон уйини ёқиб юборган эди. У Вермахт солдатлари томонидан қўлга олиниб, қатл этилган. Вафотидан кейин унга Совет Иттифоқининг Қаҳрамони унвони берилган.
РҲТЖ баёнотида айтилишича, Вермахт ортида совет фуқароларининг уйларини ёқиб юбориш каби Космодемьянскаянинг хизматлари давлат томонидан эътироф этилган, унинг фаолиятини қайта баҳолаш эса «Совет давлатига туҳмат ва тарихий ҳақиқатни фалсификация қилиш»дан бошқа нарса эмас.
Невзоровнинг ўзи РҲТЖ аризасини кулгили ва саводсиз чақув деб атаган. «Матбуот ҳозирда таъқиб қилинаётгани учун буларнинг дадиллиги ошиб қолди. Менда ўз фикримни айтиш, барча нарсага, жумладан буларнинг қаҳрамонларининг қаҳрамонлигига шубҳа қилиш ҳуқуқи бор», дейди журналист.
Агар прокуратура РҲТЖ аризасига биноан жиноят иши очса, журналист 5 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.