Европа Иттифоқи Россиянинг ЕИ мамлакатларидан бўлган учта дипломатни мамлакатдан бадарға қилиш қарорини қоралади
Дипломатлари "персона нон-грата" деб эълон қилинган давлатлардан бири бўлган Германия, агар Москва ўз қарорини қайта кўриб чиқмаса, бунга жавоб чораси қўллаши ҳақида огоҳлантирди.
Германия ташқи ишлар вазири Хайко Маас ўз дипломатларининг Россиядан чиқариб юборилишини Берлин "жавобсиз қолдирмайди" деб айтди.
Унга кўра, Россиянинг қарори "Европа билан муносабатларга янада катта зарар етказмоқда".
Ўз навбатида Франция президенти Эммануэл Макрон Навальнийнинг заҳарланиши ва ҳибсга олиниши ҳамда Европа дипломатларининг чиқариб юборилиши муносабати билан Россияга қарши янада кучли, алоҳида шахсларни нишонга олувчи санкцияларни қўллаш зарурлигини таъкидлаган.
Жума куни Россия ЕИ давлатларининг уч нафар дипломатини “персона нон грата” деб эълон қилди. Россия Ташқи ишлар вазирлиги дипломатларни бадарға қилинишини билдирган.
Баёнотда айтилишича, Швеция, Польша ва Германия дипломатлари “персона нон грата” деб эълон қилинган. Россиянинг таъкидлашича, Швеция ва Польшанинг Санкт-Петербургдаги бош консуллигининг ходимлари ҳамда Германиянинг Москвадаги элчихонасининг ходими "23 январда бўлиб ўтган ноқонуний акцияларда" қатнашган. Гап мухолифат етакчиси Алексей Навальнийнинг қамоққа олиниши ортидан бўлиб ўтган норозилик акциялари ҳақида кетяпти.