Турли найрангларни қўллаган ҳолда божхона назоратини четлаб ўтишга бўлган уринишларга қарши божхона органлари томонидан тизимли равишда кураш олиб борилмоқда.
Хусусан, хорижий авиарейс билан Тошкент халқаро аэропортига учиб келган фуқаролар К.А. ва Ю.З.ларга тегишли бўлган юклар сканер қурилмалари ёрдамида кўздан кечирилди.
Натижада, юклар орасидаги картон қутидаги компьютер кейсида божхона назоратидан яшириш мақсадида уддабуронлик билан жойлаштирилган, умумий қиймати 100 миллион сўмлик компьютер эҳтиёт қисмлари борлиги аниқланди.
Ҳозирда ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари давом эттиряпти, дея хабар бермоқда Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг Ахборот хизмати.