Беларуснинг авторитар президенти Александр Лукашенко ҳокимиятни ҳеч кимга бериб қўймаслигини таъкидлади.
Шу йил 9 августида бўлиб ўтган президент сайловидан кейин Минск ва Беларуснинг бошқа шаҳарларида норозилик чиқишлари бошланиб кетган.
Норозилар расмийларни мисли кўрилмаган сохталаштирув ва митинг иштирокчиларига нисбатан шафқатсизликда айблаб, Беларусни 26 йилдан бери бошқариб келаётган Лукашенко истеъфосини ва қайта сайлов ўтказилишини талаб қилмоқдалар.
13 ноябрь куни журналистлар олдида созлаган Лукашенко сиёсий рақибларини кескин танқид қилди ва «рангли революциялар» олдини олиш учун Беларусь Россия билан интеграция қилиши кераклигини таъкидлади.
«Ҳокимият топширилмайди! Давом эттирувчилар бўлмайди. Ким халқ томонидан сайланган бўлса, ўша [ҳокимиятда] қолиши керак. Мен ҳаммаси Беларусь халқи танлаган йўл билан давом этишини ваъда қилганман», - деди президент.
Беларусда бугунга қадар минглаб намойиш қатнашчиси ҳибсга олинди, юзлаб одам полиция зўравонлигига дучор бўлди, мухолифат етакчилари қамалди ёки мамлакатни тарк этишга мажбур бўлди.
Европа Иттифоқи, АҚШ ва бошқа давлатлар Лукашенкони легитим президент ўлароқ тан олишдан бош тортди ва кўплаб Беларус амалдорларига қарши санкция жорий қилди.