ОТМларда ўқув жараёнини босқичма-босқич 2020 йил 16 ноябрь – душанба кунидан анъанавий таълим шаклида давом эттиришга қарор қилингани ҳақида хабар берилганди. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги талабаларнинг соғлиғини асраш, уларнинг сифатли таълим олиши учун етарли шарт-шароит яратиш мақсадида бир қатор чоралар кўрилишини маълум қилди: ҳар бир олий таълим муассасасида ҳудудий Соғлиқни сақлаш бирлашмалари, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати вакиллари жалб қилинган ҳолда тезкор Штаб ташкил этилади; аудитория ва хоналар ўқув жараёнига Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати ҳудудий бўлинмалари билан биргаликда тайёрланади; курслар кесимида ўқув жараёнини ташкил этиш схемаси ишлаб чиқилиб, табақалаштирилган вақт соатлари асосида дарс жадваллари тузилади; талабалар турар жойлари фаолияти санитария-гигиена ва дезинфекция талабларига қатъий жавоб берадиган нормаларда ташкил этилиб, жиҳозланган ҳолатда талабаларнинг яшашларига босқичма-босқич рухсат берилади; олий таълим муассасалари ва талабалар турар жойларида Тиббиёт пунктлари ташкил этилади; талабалар саломатлиги назоратини таъминлаш мақсадида ҳар бир олий таълим муассасасига тиббиёт муассасалари бириктирилади.