Вазирлар Маҳкамаси Ўзбекистон фуқаролигини қабул олмоқчи бўлганларнинг ўзбек тилидан имтиҳон топшириши юзасидан низомни тасдиқлади.
Низомга асосан фуқароликка қабул қилишда давлат тилини билиш даражасини аниқлаш Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш маркази ҳамда унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан амалга оширилади.
Бунинг учун фуқароликка ариза топширган шахс марказга базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 фоизи миқдорида ( ҳозирги кунда бу 44 600 сўмга тенг) тўлов тўлаши лозим.
Синов имтиҳони ҳужжатлар тақдим этилганидан сўнг 1 ой муддатда тест, ёзма ёки оғзаки шаклларда ўтказилади. Синов натижалари 3 кун муддатда эълон қилинади. Энг юқори баллнинг 50 фоизидан кам балл олган талабгорлар имтиҳондан ўтмаган ҳисобланади ва 1 ойдан кейин қайта имтиҳон топширади. Бу ҳолатда ҳам базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 фоизи миқдорида ҳақ тўланади.
Синов имтиҳонларидан муваффақиятли ўтган талабгорларга давлат тилини билиш тўғрисидаги малака сертификати берилади ва у муддатсиз амал қилади.
Жорий йилнинг 15 сентябридан бошлаб “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида”ги қонун кучга кирди.
Мазкур қонунга асосан Ўзбекистон фуқаролигини олиш учун ариза топширган шахс давлат тилини билиши шарт. 2016 йилдан 2019 йилгача президентнинг 51 та фармон билан 9443 шахс фуқароликка қабул қилинди.