АҚШ президенти Дональд Трамп 22 сентябрь куни БМТ Бош ассамблеясида дистанцион чиқиш қилди. Бошқа давлат раҳбарлари каби унинг чиқиши ҳам коронавирус эпидемияси билан боғлиқ вазият туфайли аввалдан ёзиб олинганди. Залда БМТ бош котиби Антониу Гутерриш, 75-сессия раиси Вўлқан Бўзқир ва аъзо мамлакатларнинг БМТдаги вакилларигина бор эди.
Трамп чиқишининг илк қисмини коронавирус эпидемиясига бағишлади. АҚШ президенти, одатдагидай, коронавирусни “Хитой вируси” деб атади. У Хитойни ўтган йил охиридан бери халқаро ҳамжамиятдан янги коронавирус инфекцияси тарқалишига оид маълумотни яширганликда айблади. Трампга кўра, эпидемияни иҳоталаш бўйича етарли чоралар кўрмагани учун Хитой жавобгарликка тортилиши зарур.
АҚШ президенти Хитойни Париж иқлим шартномасига эътиборсизлик билан ёндашаётганликда, хусусан сув ва атмосферани ифлослантираётганликда ҳам айблади. Трампга кўра, ўз навбатида, АҚШ атроф-муҳитга чиқинди чиқаришни сезиларли даражада камайтирган, шунга қарамай, халқаро ҳамжамият томонидан танқид қилинмоқда. У Америка бундай муносабатга рози эмаслигини таъкидлаб, мамлакат аввалроқ Париж иқлим шартномасидан чиққанини яна бир бор эслатди.
Террорчиликни дунёдаги энг асосий муаммолардан бири эканини урғулаган Трамп ўзи президентлик қилаётган сўнгги тўрт йил ичида АҚШ бу кўринишга қарши курашга сезиларли ҳисса қўшганини билдирди. Халқаро ҳамжамиятнинг бу борадаги саъй-ҳаракатлари ва қарорларини эса у самарасиз, дея баҳолади.
Ўз нутқида Трамп яна бир бор Эронни Яқин Шарқ ва Осиёда террорчиликка ҳомийлик қилаётганликда айблади. У 2020 йил январида АҚШ Яқин Шарқда террорчиликнинг ёйилиши учун шахсан жавобгар бўлган эронлик генерал Қосим Сулаймонийни йўқ қилганини қайд этди.
АҚШ президенти ўз мамлакати ИШИД лидери Абу Бакр ал-Бағдодийни йўқ қилиш орқали мазкур террор гуруҳини “юз фоизга ер билан яксон қилгани”ни билдирди.
Трамп ўз нутқида Исроил, Бирлашган Араб Амирликлари ва Баҳрайн ўртасидаги муносабатларнинг нормаллашуви бўйича яқинда тузилган шартномага тўхталиб ўтди. АҚШнинг бу ўринда воситачилик қилганига урғу берган Трамп Яқин Шарқда тинчлик жараёни давом эттирилишини қайд этди.
АҚШ президенти, шунингдек, ўз мамлакатининг эпидемияга қарши кураши, иқтисодиёт ва ҳарбий қувватнинг мустаҳкамланишидаги ютуқлардан баҳс этди.