Самарқанд шаҳридаги “Мароқанд” ошхонаси маъмуриятига тўй ўтказишда карантин қоидаларини бузгани учун чора кўрилган. Бу ҳақда Самарқанд вилояти ИИБ ахборот хизмати маълум қилди.
Қайд этилишича, шу йил 29 август куни Самарқанд шаҳри ИИБсига “Мароқанд” ошхонасида 40 нафардан ортиқ киши билан туй-маросими ўтказилаётгани тўғрисида маълумот келиб тушган.
Бу борада терговолди суриштирув ҳаракатларини олиб борган ҳудуд профилактика инспектори ҳақиқатан мазкур ошхона маъмурияти Республика махсус комиссиясининг баёни талабларини бузганлигини аниқлаган.
Бошқарма хабарномасида ошхона маъмуриятига нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 54-моддаси 2-қисми билан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, қонуний қарор қабул қилиш учун Самарқанд вилояти Давлат санитария-эпидемиология назорати марказига юборилгани билдирилган.
Республика махсус комиссиясининг қарорига мувофиқ, Ўзбекистонда шу кунда оилавий тантана, тўй, маърака ва маросимларни 30 нафардан кўп бўлмаган киши иштирокида, санитария ва гигиена талабларига қатъий риоя этган ҳолда ўтказиш мумкин.