Украина ва Эрон делегациялари 31 июлга ўтар кечаси Теҳрон яқинида шу йил январида уриб туширилган “Боинг” бўйича музокараларни якунлади. “Украина ҳаво йўллари” авиаширкатига тегишли мазкур учоқ бортида фожиа юз берган пайтда 176 нафар йўловчи ва экипаж аъзолари бўлган.
Музокаралар чоғида Эрон учоқ учун товон пули тўлаб беришга рози бўлди, деган Эрон Ташқи ишлар вазирлиги расмийси Аббос Мусавий. IRNA давлат ахборот агентлиги хабарига кўра, мулозим бу жараён кўп вақт талаб қилиши, турли техник ва юридик жиҳатларга эга эканини қўшимча қилган.
“Бу учоқ йўловчиларининг кўп бизнинг юртдошларимиз бўлган, бироқ бортда Украина фуқаролари ҳам бор эди. Бу масала бўйича музокаралар давом этмоқда. Эрон қасддан қилинмаган бу ҳаракат учун масъулиятни ўз зиммасига олди ва биз ўз мажбуриятларимизни бажаришга ҳаракат қиламиз”, деган А. Мусавий.
Маълумотларга кўра, қулаган “Боинг” ичида ҳалок бўлганларнинг 11 нафари украиналиклар эди.
Украина ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба 31 июль куни ўтказилган брифингда Эрон билан музокаралар конструктив руҳда ўтганини тасдиқлаган. Унга кўра, Эрон фожианинг барча жиҳатларини ўрганиб чиқишга, фожиага сабаб бўлган айбдорларнинг барчасини жавобгарликка тортишга, товон пули тўлаб беришга рози бўлган. Эрон авиация соҳасидаги халқаро конвенцияларга мувофиқ, ўзининг барча мажбуриятларини ҳам бажаришга ҳозир.
Кулебанинг қайд этишича, бу маълумот асосида кўрилган зарар миқдорини ҳисоблаб чиқиш мумкин бўлади. Аммо, унга кўра, авиаширкат ва ҳалок бўлган украиналикларнинг яқинлари оладиган товон пули қанча бўлишига оид саволга ҳозирча жавоб йўқ.
Эрон расмийлари иддаосича, учоққа ракета Исломий инқилоб посбонлари корпуси базасидан тасодифан отилган. Шу асосда Эрон узоқ вақт товон пули тўлаш бўйича музокарага узоқ вақт келмаган ва фожиа юзага келишида айбдор бўлганларнинг исмини очиқлашдан бош тортиб келган.
Украина ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Евгений Енин шу йил 8 июлида, ҳодисадан бери ярим йил муддат ўтганига қарамай, Эрон расмийлари товон пули тўлаш музокараларга рози бўлмаётганини маълум қилганди. Шунингдек, Эрон Украинага меморандум лойиҳасини имзолашни таклиф қилган. Мазкур ҳужжат феълан Киев ва ҳалок бўлганларнинг яқинлари зиммасига келажакда товон пули борасида маҳаллий ва халқаро судларга мурожаат қилмаслик мажбуриятини юклар эди.
Аввалроқ Эрон авиаҳалокат чоғида ҳалок бўлганларнинг оилаларига товон пули ўлароқ 80 минг доллар тўлашни таклиф қилгани хабар қилинганди. Аммо Украина президенти Владимир Зеленский бу маблағ жуда оз экани ва расмийлар “товон пули каттароқ бўлиши учун босим ўтказиши”ни билдирган.