Қирғизистонда айни пайтдаги эпидемиологик вазиятдан келиб чиққан ҳолда янги ўқув йилининг биринчи чорагида масофавий таълимни ташкил этиш учун ҳозирлик олиб борилмоқда. Бу ҳақда Таълим ва фан вазирлиги матбуот хизмати маълумот тарқатди.
Қайд этилишича, бунинг учун ўқитувчилар, таҳлилчилар ва таълим муассасалари раҳбарларидан иборат экспертлик-консультатив кенгаш тузилган бўлиб, кенгаш болалар ва ўқитувчилар хавфсизлигини эътиборда тутган ҳолда қарорлар қабул қилади.
“Таълим ва фан вазирлиги ўқитувчилар, ота-оналар ва ўқувчилар масофавий таълимга тайёргарлик кўра бошлашини мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблайди. Агар вазият яхши томонга ўзгарса, ўқувчилар реал режимда мактабга келишлари мумкин”, дейилади вазирлик хабарномасида.
Коронавирус ёйилиши ортидан Қирғизистон бўйлаб фавқулодда вазият тартиби жорий қилинганиан кейин мамлакатдаги олий таълим муассасалари ва мактаблар онлайн-режимда ўқишга ўтган. Айни пайтда чекка жойларда яшайдиган ўқувчиларнинг ота-оналари ва ўқитувчилар Интернет ва компьютерлар йўқлиги туфайли онлайн ўқиш бўйича қийинчиликларга дуч келаётганларидан шикоят қилишган.
Қирғизистонда бу йил ОТМларга кириш ҳам онлайн-форматда ўтказилмоқда.