Бухоро туман адлия бўлими томонидан туман Халқ таълими бўлимида Давлат ижтимоий суғуртаси бўйича нафақалар тайинлаш ва тўлаш тартиби аҳволи таҳлил қилинди. Таҳлил натижаларига кўра, туман халқ таълими бўлимининг 23 нафар ўқитувчилари олдида жами 106 миллион 301 минг сўм миқдорида ҳомиладорлик ва туғиш нафақаларидан бўлган қарздорлик мавжудлиги аниқланди.
Жумладан, тумандаги 51-сонли умумтаълим мактаби масъул ходими Ғ. М. 2020 йил март ойидан ҳомиладорлик ва туғиш таътилига чиқарилган бўлсада, унга ҳисобланган 7 миллион 904 минг сўмлик нафақаларини ўрганиш кунига қадар тўлаб бериш чоралари кўрилмаган.
Шунингдек, тумандаги 29-сонли умумтаълим мактаби ўқитувчиси Р. Ф. 2020 йил апрель ойидан ҳомиладорлик ва туғиш таътилига чиқарилган бўлсада, 10 миллион 489 сўмлик нафақалари ўрганиш кунига қадар тўлаб берилмаган.
Ваҳоланки, Меҳнат кодексининг 286-моддасида «Ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси ҳомиладорлик ва туғиш таътилининг бутун даврида тўлиқ иш ҳақи миқдорида тўланади» деб кўрсатилган.
Шунингдек, Адлия вазирлиги томонидан 2002 йил 8 майда 1136-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган буйруқ билан тасдиқланган «Давлат ижтимоий суғуртаси бўйича нафақалар тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида» ги Низомнинг 40-бандида «Ҳомиладорлик ва туғиш бўйича нафақани тайинлаш ва тўлаш учун белгиланган тартибда берилган меҳнатга лаёқатсизлик варақаси асос бўлиши», 104-бандида эса «Ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси туғишдан олдин амалда фойдаланилган кунларнинг сонидан қатъи назар, таътилнинг тўлиқ даври учун бир йўла тўланади» деб белгиланган.
Туман адлия бўлими ходимлари томонидан аниқланган қонун бузилиши ҳолатларини бартараф этиш ва келгусида йўл қўймаслик юзасидан туман Халқ таълими бўлимига тақдимнома киритилиб, ҳомиладорлик ва туғиш таътилига чиқарилган 23 нафар ходимга ҳисобланган жами 106 миллион 301 минг сўм миқдоридаги нафақа пуллари тўлаб берилиши таъминланди.
Улуғбек ТЎХТАЕВ,
Бухоро туман адлия бўлими бошлиғи