Ўзбекистондаги олий таълим муассасаларига ҳужжат топширган абитуриентлар сони 1 миллиондан ошиб кетди.
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги матбуот хизмати маълумотига кўра, жорий йил 15 июль соат 18:00 ҳолатига республика бўйича жами 1 011 660 нафар абитуриент рўйхатдан ўтган. Бундан кундузги бўлимга 586 612 нафар, сиртқи бўлимга 404 111 нафар, кечки бўлимга эса 20 937 нафар абитуриент талабгор бўлган.
Улардан 888 519 нафари (88,3%) ўқиш ўзбек тилида юритиладиган, 95 544 нафари (9,2%) ўқиш рус тилида юритиладиган, 27 420 нафари (2,3%) ўқиш қорақалпоқ тилида юритиладиган, 2 177 нафари эса (0,2%) ўқиш қорақалпоқ тилида юритиладиган ОТМларга кириш истагини билдирган.
Хабарномада Самарқанд давлат университети (53 700 нафар абитуриент ҳужжат топширган), Aндижон давлат университети (43 014 нафар), Қарши давлат университети (39 750 нафар), Наманган давлат университети (37 263 нафар) ҳамда Тошкент давлат педагогика университети (36 665 нафар) кабилар энг харидоргир ОТМлар қаторида саналган.
Вазирлик абитуриентларни рўйхатдан ўтказиш жорий йил 20 июлигача давом этишини эслатган.