Ўзбекистон Марказий банки тижорат банкларига эски намунадаги 200 сўмлик ва 500 сўмлик банкнотларни 2020 йил 1 сентябрига қадар қабул қилиш ҳамда муомаладаги банкнотлар ва тангаларга монеликсиз алмаштириш юзасидан кўрсатма берган.
МБ матбуот хизмати маълумотига кўра, мазкур қарор коронавирус пандемияси муносабати билан эълон қилинган карантин шароитида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига қулайлик яратиш мақсадида истисно тариқасида қабул қилинган.
Аввалроқ Марказий банк Ўзбекистонда 1997 йил намунасидаги 200 сўмлик ва 1999 йил намунасидаги 500 сўмлик банкнотлар 2020 йил 1 июлидан қонуний тўлов воситаси сифатида ўз кучини йўқотиши, бу вақтгача мазкур банкнотларни барча тижорат банклари бўлинмаларида алмаштириб олиш кераклигини билдирган эди. Эндиликда бу муддат кузгача узайтирилди.
МБнинг Нақд пул муомаласини ташкил этиш департаменти бош иқтисодчиси Зафар Асадовга кўра, ўзбекистонликлар 1 сентябргача 200 ва 500 сўмлик банкнотларни ўз ҳудудлари яқинидаги тижорат банкида чекланмаган миқдорда муомаладаги банкнотларга алмаштириб олишлари мумкин.