Косово ва Сербия расмийлари Европа Иттифоқи воситачилигида ўтказилиб келинаётган музокараларни давом эттиришга келишиб олди.
Бундай келишувга Франция президенти Эммануэль Макрон ҳамда Германия канцлери Ангела Меркель иштирокида ўтказилган видеоконференция давомида эришилди.
Икки давлат ўртасидаги муносабатларни нормаллаштириш бўйича музокаралар 12 июль куни қайта бошланади.
Сербиянинг собиқ вилояти бўлмиш Косово 2008 йилда мустақиллик эълон қилган. Расмий Белград эса буни тан олмай келади.
Ғарб давлатлари Европа Иттифоқига аъзо бўлиш истагидаги Косово ва Сербияни музокара ўтказишга чорлаб келади.
Аммо видеоконференция ортидан икки давлат расмийлари эълон қилган билдирувлардан улар ўртасидаги тафовут ҳануз йириклиги аён бўлди.
Сербия президенти Александр Вучичнинг сўзларига кўра, музокаралар давомида у Меркель ва Макронга Белград Косово мустақиллигини муҳокама қилишни истамаслигини айтган.