Қўшма Штатларда коронавирус юққанлар сони 3 миллион 16 минг 515 кишига етди. Беморлардан 131 минг 594 нафари вафот этди. АҚШдаги Жон Хопикнс университети бу ҳақда 8 июль куни хабар берди.
АҚШда бир кунда коронавирусга чалинганлар сони бўйича янги антирекорд қайд этилди. Бир кунда бу мамлакатда 60 минг одамда коронавирус аниқланди ва 1114 киши вафот этди.
АҚШ коронавирусдан ўлим ҳолатлари бўйича дунёда биринчи ўринни эгалламоқда. Бироқ шунга қарамай, президент Дональд Трамп мактаблар тўлақонли тарзда қайта фаолият бошлаши керак, деб ҳисобламоқда. Трамп фикрича, коронавирусга чалинганлар сонининг ортиши, бу касалликка тест топширувчилар сони кўпайгани билан изоҳланади. Лекин мутахассилар АҚШда ҳар куни коронавирусга чалинган янги беморлар аниқланаётганини билдирмоқда.
Айни пайтда Британия ҳукумати коронавирус пандемияси оқибатларини иқтисодиётга салбий таъсирини юмшатиш мақсадида 37 миллиард доллар ажратди.
Европанинг айрим давлатларида, жумладан, Болқонда, Руминия ва Молдовада коронавирус билан касалланганлар сони кўпайиб бораётгани кузатилмоқда.