Македония парламенти мамлакат номини ўзгартириш тўғрисидаги шартномани ратификация қилди
Мазкур шартномага асосан Македониянинг номи Шимолий Македония деб ўзгартирилади.
Парламентдаги мухолифат шартномани тасдиқлаш жараёнида иштирок этишдан бош тортганига қарамай, асосий кўпчилик мамлакат номини ўзгартириш учун овоз берди.
Македония президенти шартномани имзолашдан бош тортишини билдирган эди. У шартномани қайта кўриб чиқиш учун парламентга қайтариши мумкин.
Айни пайтда мамлакатда ном ўзгартирилишига қарши норозлик намойишлари бўлиб ўтмоқда. Намойишлар 17 июнда Греция ва Македония ташқи ишлар вазирлари Македония номини Шимолий Македония деб ўзгартириш тўғрисидаги шартномани имзолаганидан сўнг бошланиб кетди.
Греция 27 йилдан бери Македония номи ўзгартирилишини талаб қилиб келаётган эди. Афина ушбу номдан фойдаланиш ўзининг Македония деб аталувчи вилоятига қарши ҳудудий даъволарни назарда тутади, деб ҳисоблайди.
12 июнда Македония бош вазири Зоран Заев узоқ йиллар давом этган музокаралар якунланиб, Афина ва Скопье мамлакат номини Шимолий Македония деб номлаш тўғрисида келишиб олганларини айтган.
Афина ва Скопье ўртасидаги узоқ йиллик баҳсга нуқта қўйилиши Македония учун Европа Иттифоқи ва НАТОга аъзо бўлиш имкониятини яратди.