Трамп мигрантларнинг болаларини ота-оналаридан ажратиш сиёсатини тўхтатди
Трампнинг болаларни ота-оналардан ажратиш сиёсати халқаро ҳамжамият, жумладан, БМТ Болалар фонди бўлган ЮНИСЕФ томонидан ҳам кескин танқид қилинган эди. Трампнинг бу сиёсатини кескин қоралаганлар орасида Эрон Олий руҳонийси Оятуллоҳ Хаменеи ҳам бор.
Дональд Трамп кўрсатмасига биноан, энди мигрантларнинг болалари ота-оналаридан ажратилмайди ва судгача ҳибсда сақланадиган жойларга ота-оналари билан бирга жойлаштирилади.
Айни пайтда Трамп мигрантлар “болалардан АҚШга кириш воситаси сифатида фойдаланаётганини ҳам унутмаслик керак”, деб айтди.
-Улар болалардан мамлакатимизга кириб келиш учун ташриф қоғози сифатида фойдаланмоқда ва биз буни эсдан чиқармаслигимиз лозим, -деди Трамп.
АҚШ расмийларига кўра, апрель ойининг ўрталаридан бошлаб майнинг охиригача чегарада икки минг нафарга яқин бола ота-онасидан ажратилиб, махсус сақлаш жойларига юборилган.