Уэсли Снейдер Арсенал ва Атлетико Мадрид ўйинини танқид қилди
Чемпионлар лигаси ғолиби Уэсли Снейдер Арсенал ва Атлетико Мадрид ўртасидаги ярим финал жавоб учрашуви сифатидан норози бўлиб, UEFA ўйинни биринчи бўлимдаёқ тўхтатиши керак эди, деб ҳисоблайди. Букайо Сака томонидан киритилган ягона гол лондонликларга финал йўлланмасини тақдим этган бўлса-да, нидерландиялик афсона майдондаги футбол даражаси бундай нуфузли босқич учун жуда паст бўлганини таъкидлади. Бу ҳақда Goal.com хабар беради.
Зигго Спорт эфирида гапирган Снейдер: "35-дақиқадаёқ UEFA аралашиши керак эди, деб айтдим. Улар Лондонга қўнғироқ қилиб, ҳар икки жамоани майдондан чиқариб юбориши ва эртаси куни Бавария ҳамда ПСЖ ўртасида финал ўтказилиши лозим эди", дея кескин фикр билдирди. Унинг сўзларига кўра, Атлетико Мадрид ҳимояга ётиб олгани, Арсенал эса тўп назоратини ўз қўлида ушлаб тургани томошабопликни пасайтирган.
Снейдер Микел Артетанинг мураббийлик маҳоратини эътироф этган ҳолда, Арсенал таркибида ҳақиқий юлдуз футболчилар йўқлигини урғулади. "Артета ҳайкалга лойиқ, чунки у таркибида бирорта ҳам топ-даражадаги футболчи бўлмасдан туриб, Атлетико Мадрид каби жамоани босим остида ушлаб тура олди", дея қўшимча қилди собиқ ярим ҳимоячи.
Ўз навбатида, Атлетико Мадрид бош мураббийи Диего Симеоне мағлубиятни муносиб қабул қилди. У баҳсли вазиятларга қарамай, баҳоналар қидирмади ва рақибнинг финалга чиқишга ҳақли эканини тан олди. Симеоне ўз шогирдларининг бор кучини ишга солганидан фахрланишини ва жамоа мавсум давомида муносиб кураш олиб борганини қайд этди.