“Права”сиз ҳайдовчи Lacetti’da 11 ёшли болани уриб юборди
Тошкент шаҳрида яна бир йўл-транспорт ҳодисаси қайд этилди. Тошкентнинг Чилонзор туманида ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлмаган фуқаро автомобил бошқарувини йўқотиб, 11 ёшли болани уриб кетди.
Маълум қилинишича, ҳодиса 2026 йил 20 апрель куни ҳалқа йўлининг ушбу туман ҳудудидан ўтувчи қисмида содир бўлган. Chevrolet Lacetti русумли машина ҳайдовчиси юқори тезликда ҳаракатлангани оқибатида транспорт воситасини бошқара олмай, йўлнинг чет қисмига чиқиб кетган ва пиёдани уриб юборган.
Гувоҳларнинг сўзларига кўра, автомобиль аввал темир устунларга бориб урилган, сўнгра йўл тўсиқларини вайрон қилган ҳолда дарахтга тўқнашиб тўхтаган. Кузатув камералари тасвирлари ҳам транспорт воситасининг юқори тезликда келганини тасдиқлаган.
Зарба натижасида жабрланган бола аввал ўрнидан туришга уринган, аммо кўп ўтмай йиқилиб тушган. Воқеа жойига тез орада йўл-патруль хизмати ходимлари ва тиббиёт гуруҳлари етиб келган.
Жабрланувчи зудлик билан шифохонага олиб кетилган. Унинг отаси маълум қилишича, болада мия чайқалиши, бош қисмида жароҳатлар ва оёқларида турли лат ейиш ҳолатлари аниқланган. Бир неча кундан кейин унинг аҳволи яхшиланиб, уйига жавоб берилган.
Дастлабки маълумотларга кўра, ҳодиса пайтида автомобил ичида ҳайдовчидан ташқари яна бир неча киши бўлган. Айни пайтда ҳайдовчи қўлга олинган, ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Расмийлар маълум қилишича, барча ҳужжатлар тегишли тартибда расмийлаштирилган, транспорт воситаси эса вақтинча жарима майдончасига жойлаштирилган.