Ғазодаги болалар гапириш қобилиятини йўқотмоқда: сабаб нима?
Ғазода уруш оқибатлари нафақат биноларни, балки болалар руҳиятини ҳам вайрон қилмоқда. Сўнгги маълумотларга кўра, ҳудудда кўплаб болалар гапириш қобилиятини йўқотаётгани қайд этилмоқда. Бу ҳақда Al Jazeera хабар берди.
Мисол сифатида беш ёшли Жад Зоҳудни келтириш мумкин. У уйи яқинида содир бўлган кучли портлашдан сўнг тўсатдан гапирмай қўйган. Мутахассислар таъкидлашича, бундай ҳолатлар тобора кўпайиб бормоқда.
Шифокорлар фикрича, айрим болаларда нутқ йўқолишига жисмоний жароҳатлар — бош мия шикастланиши ёки портлаш тўлқини сабаб бўлса, бошқаларида бу оғир психологик зарба натижаси ҳисобланади. Яъни, бола ҳеч қандай ташқи жароҳатсиз ҳам “сукунга чўмиши” мумкин.
Чегара билмас шифокорлар билан ишлаган психотерапевт Катрин Брубакк бу ҳолатни “сукутдаги оғриқ” деб таърифлайди. Унинг сўзларига кўра, бола кучли қўрқув ва хавфни ҳис қилганда, организм ҳимоя реакцияси сифатида “музлаш” ҳолатига ўтади ва нутқ функцияси вақтинча блокланади.
Ғазо шаҳридаги шифокорлар ҳам бу муаммо кенгайиб бораётганини тасдиқламоқда. Мутахассис Мусо ал-Хорти таъкидлашича, болаларда селектив мутизм ёки истерик афония ҳолатлари кўпаяпти. Бу эса стресс оқибатида овоз чиқмаслиги билан изоҳланади.
Бундай ҳолатлардан бири тўрт ёшли Лусин Тамбура мисолида ҳам кузатилган. У авиазарба пайтида баланд қаватдан йиқилиб, нафақат жисмоний, балки нутқий муаммоларга дуч келган. Ҳозир унинг аҳволи қисман яхшиланган бўлса-да, гапириши ҳали ҳам тўлиқ тикланмаган.
Мутахассислар огоҳлантиришича, узоқ давом этган стресс мияни доимий “хавф режими”да ушлаб туради. Бу эса боланинг ривожланиши, ҳис-туйғуларини ифода этиши ва ўқиш қобилиятига салбий таъсир кўрсатади.
Шу билан бирга, даволаниш имкони ҳам мавжуд. Аммо бу жараён жуда секин ва эҳтиёткорликни талаб қилади. Психологлар турли усуллар, жумладан, оддий ўйинлар ва машқлар орқали болаларни секин-аста мулоқотга қайтаришга ҳаракат қилмоқда.
Мутахассислар таъкидлашича, энг асосий омил — хавфсиз муҳит яратиш. Аммо Ғазода бугунги шароитда бундай муҳитни таъминлаш анча мушкул бўлиб қолмоқда.