Ҳиротда рикшалар тақиқланди: минглаб ҳайдовчилар ишсиз қолди
Афғонистоннинг Ҳирот шаҳрида “Толибон” томонидан уч ғилдиракли транспорт воситалари — рикшалар ҳаракатига қўйилган чекловлар жиддий ижтимоий муаммоларни келтириб чиқармоқда. Бу ҳақда Amu TV хабар тарқатди.
Маълумотларга кўра, ушбу тақиқ жорий этилганига тўрт ой бўлган бўлса-да, сўнгги пайтларда назорат кескин кучайтирилган. Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимлари ҳар куни ўнлаб рикшаларни тўхтатиб, уларни жарима майдонларига олиб кетмоқда.
Дастлаб мазкур транспорт воситаларининг шаҳар марказига кириши чекланган эди. Аммо бу қарор ҳайдовчиларнинг норозилигига сабаб бўлди. Ҳозирги кунда эса ҳолат янада оғирлашиб, ҳайдовчилар мунтазам равишда жаримага тортилаётгани айтилмоқда.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, чекловлар натижасида қарийб 50 минг киши ўз даромад манбаидан маҳрум бўлган бўлиши мумкин. Бироқ бу рақамлар ҳали мустақил манбалар томонидан тасдиқланмаган.
Ҳайдовчиларнинг айтишича, кўпчилик барча маблағини сарфлаб рикша сотиб олган. Энди эса улар учун янги иш топиш жуда қийинлашган.
“Иш бошлашга маблағим қолмади. Илгари рикша ҳайдаб, оиламни боқар эдим. Ҳозир эса нима қилишни билмай қолдим”, дейди маҳаллий ҳайдовчи Змарай.
Тақиқ оқибатида бозордаги рикшалар нархи ҳам кескин тушиб кетган. Илгари 160 минг афғоний атрофида баҳоланган транспорт воситалари ҳозирда 50–80 минг афғонийгача арзонлашган.
Яна бир ҳайдовчи Мирвайснинг сўзларига кўра, у рикшани бўлиб тўлаш орқали сотиб олган, аммо иш тўхтагач, уни арзон нархда сотишга мажбур бўлган. Ҳатто уй ижарасини тўлай олмагани учун яшаш жойини ҳам тарк этган.
Маҳаллий манбаларнинг билдиришича, мусодара қилинган айрим рикшалар муайян тўловлар эвазига эгаларига қайтарилмоқда. Бироқ бу жараённинг шаффоф эмаслиги ҳайдовчилар норозилигини янада оширмоқда.
Айни пайтда ҳайдовчилар “Толибон” маъмуриятидан мазкур чекловларни қайта кўриб чиқишни талаб қилмоқда. Чунки иш ўринлари кам бўлган шароитда бу қарор кўплаб оилаларни асосий даромад манбаидан маҳрум этган.