Оқ уй ўтган аср бошида Усмонли империясида арманларнинг оммавий қатл этилишини геноцид деб тан олди. Бу ҳақда қирғин қурбонлари хотирланадиган 24 апрель куни президент Жо Байден баёнот берди.
Қўшма Штатлар маъмурияти ҳар йили ушбу санада қурбонлар хотирасига бағишлаб баёнот эълон қилади, аммо бу йилги баёнотда илк бор "геноцид" ибораси ишлатилди.
Унда Усмонли империясида 1915 йил ва ундан кейин юз берган оммавий қотилликларда 1,5 миллион арман қурбон бўлгани таъкидланади. Ҳужжатда, шунингдек, ўтмиш даҳшатлари қайтарилмаслиги учун бағрикенглик ва инсон ҳуқуқлари тамойилларига асосланган тинчликни яратишга чақирилган.
Баёнотда Қўшма Штатларнинг мақсади кимнидир айблаш эмас, балки қурбонларни хотирлаш экани таъкидланади.
2019 йилда АҚШ Конгрессининг ҳар икки палатаси арманлар геноцидини тан олган, аммо Оқ уй буни қўллаб-қувватламаган эди.
Арманистон ҳамда бошқа бир неча давлат ҳукуматлари ва парламентлари 1915 йилда содир бўлган воқеаларни батафсил ҳужжатлаштирилган арманлар қирғини - геноцид, деб атайди. Туркия эса бу атама нотўғри эканлигини айтиб, Биринчи жаҳон уруши даврида Усмонли империяси дуч келган муаммоларга урғу бериб, уларда “барча дин ва миллат вакиллари ҳалок бўлгани”ни таъкидлаб келади.
Арманлар геноцидини тан олишга илк бор Барак Обама ўзининг биринчи президентлик муддати аввалида ваъда берган, аммо ваъдасини бажармаганди.
АҚШ арманлар геноцидини тан олган ўттизинчи давлат бўлди. Айрим давлатлар, масалан, Франция ва Швейцарияда арманлар геноцидини инкор этганлик учун жиноий жавобгарлик кўзда тутилган.
Байден баёнотидан аввал Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон билан телефон мулоқоти ўтказгани ва уни ўз қароридан огоҳ этгани хабар қилинмоқда.
Эрдўғон Байденнинг қарори юзасидан баёнот берганича йўқ, аммо 24 апрель куни айни сана муносабати билан Туркия арманлари патриархи Сахак Машалянга юборган мактубида бу борадаги тортишувларнинг "учинчи давлатлар томонидан сиёсийлаштирилишининг ҳеч кимга фойдаси йўқлиги"ни таъкидлаган.