Эпиграф: Йирик бир тадбиркор танишим бор эди. Бир куни ўғлидан шикоят қилиб ёнимга келиб қолди: Мана бу лапашангни қаранг. Ҳамма шароитни муҳайё қилиб қўйганман, бировнинг олдида икки оғиз сўзини эплаб гапира олмайди. Жудаям бўш, 25 ёшга тўлган бўлса-да, бор нарсани юргиза олмайди. Мен нолдан тикланиб шу даражага етганман, отам камбағал бўлган. Эртага мен ўлсам, қийинчилик билан яратган шунча давлатимни ривожлантириш у ёқда турсин, ҳеч бўлмаса уни ўша ҳолида ушлаб тура оладими, бу занғар?! Бу гапларни ўғил боши эгик ҳолатда эшитиб ўтирарди. Ҳақиқатан ҳам ота олдида ўтирган ўғилнинг жуда бўшанглиги шундоқ кўзга ташланиб турибди. Хўш! Ота қудратли бўлса, ўғил ҳам қудратли бўладими? Афсуски йўқ. Ҳар доим ҳам эмас. Керак бўлса, Ота қудрати, болада энди ниш ураётган мотивацияни мутлақ йўқотиши ҳам мумкин. Кўрдингизми?! Ҳаммаси ҳам биз, яъни ота-оналар ўйлаганидек бўлавермайди. Ҳа, ҳаётда мана шунақа тескари психология мавжуд. Яна бир ҳолатга эътибор қаратинг: Бу – бечорахол отадан, қудратли ўғил вояга етиши. Бу ажойиб феноменни нафақат тарихдан биламиз, балки атрофимизда ҳам рўй бериб ётибди. Хўш нега шундай?! Бундай ҳолатларнинг психологик негизи нимада?! Сабаб ва оқибатлар орасидаги боғлиқликларни кўрсатиб ўтишга ҳаракат қиламан: 1. Ота ўз қудратини фарзандлари, айниқса ўғли олдида кўз-кўз қилавериши керак эмас, акс ҳолда уларда энди ниш ураётган мотивация сўнади ёки ривожланмай қолади. Айниқса, “Мен қилаётган ишларни кўрдингми?! Сен бўлса, лапашангсан!”, “Сен ҳам отангга ўхшаб қудратли бўла олармикансан” ва ҳ.к. Бунда иборалар ёш боланинг психологиясини албатта синдиради. Чунки ҳали у бундай саволларга жавоб беришга тайёр эмас. 2. Ота қилаётган ишларига болани жалб қилмаса, машаққат билан эришилган қудрат, обрў-эътибор ва бойликлар болани қизиқтирмай қўяди, уларнинг қадрига ҳам етмайди. Демак, ота болани иш жойига олиб бориб, у ердаги шароитни кўрсатиб туриши, керак бўлса ота завод қураётган бўлса, боласига ўша ердаги оддий ишчилар меҳнатини кўрсатиши керак. Ана шунда бола унинг столида турган ёки папкасида юрган оддий нарсалар, катта меҳнат эвазига яратилишини ўзи гувоҳ бўлади, бировлар меҳнатининг қадрига етадиган бўлади. Шу боис ҳам буюк саркардалар ўз тахтига ворис тайёрлаганда ўғилларига илк болалик давридан қилич ва қалқон ушлашни ўргатишган, юришларга олиб чиқишган, ғалаба қандай азоблар билан қўлга киритилишини уларга кўрсатишган. Бобир Мирзони кўз олдингизга келтиринг. 3. Ўғил болага 12 ёшгача бўлган даврда пул қадри, меҳнат машаққати ва илм билан пул топиш йўллари ҳақида сўзлаб бериш эмас, балки уларнинг ўзи бу жараёнда иштирок этиши керак. Бир эътибор қилингга, темирчи, дурадгор, ўймакор усталар, яъни қўл меҳнати билан оила юргизадиган ҳунармандларнинг фарзандлари аксарият ҳолларда ақлли ва меҳнаткаш бўлишади. Уларнинг ота-онасига ҳурмати ҳам бошқача. Чунки ҳунармандлар ота-бобомдан қолган касбим менга келиб ўзгалар қўлига ўтиб кетмасин, деб фақат ўз фарзандларини илк болалик давридан бошлаб ҳунар ўргатишади. Энг қизиғи, ҳунармандларнинг устахонаси, аксарият ҳолларда ўз уйида бўлади. Тарбияси учун бу жуда зўр вазият. Чунки бола ҳар доим отаси олдида, ота эса боласи олдида бўлади. Бола бор-йўғи 300 грамм турадиган мўъжазгина ўша кичкина ликопчани қанчалик азоблар билан бир неча кун ичида яратилишини ўз кўзлари билан кўриб-кузатиб боради, бу матох қачон тайёр бўлишини интиқлик билан кутади, уни қўлга киритгач жуда аяб тутадиган бўлади ва ҳ.к. Ҳунармандлар ўз фарзандлари учун ҳам турли хил кичик асбоб-ускуналар тайёрлаб беришади ва “Қани ўзинг ҳам ишлаб кўрчи тойчоғим” дейди. Беш яшарлик бола, яъни жажжи ҳунарманд ўзи мустақил равишда ишлаётиб бир-икки маротаба қўлига бигиз тиқиб олади, қўли ва юз-кўзлари қораяди, озгина шилинади ва машаққатли меҳнат нималигини ҳамда унинг роҳатини мактабга бормасдан ўз танасида ҳис қилиб улғаяди. Табиийки, бундай болага меҳнат нималиги ва пул қадри ҳақида узундан-узоқ ваазхонлик қилишга ҳожат ҳам қолмайди, керак ҳам эмас. Чунки уни ҳаётнинг ўзи тарбиялаяпти. 4. Кўп ота-оналар топган пулини ўз фарзандлари олдида кўз-кўз қилишни хуш кўришади. Бу яхши эмас. “Нима қипти, ўз фарзандларимку! Улар ҳурсанд бўлишади, кўнгли кўтарилади”. Булар – хато фикрлар! “Мана қара! Мен бир кунда қанча пул топдим”, каби иборалар мактаб ёшидаги бола руҳияти учун ўзига яраша зарбадир. Ҳали энди математика, адабиёт, иқтисодиёт, меҳнат дарси ҳамда инсоф ва диёнатни ўрганаётган боланинг миясига пул ҳақида қуйилаётган бундай гаплар, албатта, унда ўқишга бўлган қизиқишни сўндиради ва энди ниш ураётган мотивацияни йўққа чиқаради. Ҳозирда қудратли бўлган ота-оналар, камбағал оиладан вояга етган бўлишади, дедик. Қуйидаги омиллар ва вазиятларни ёритиш орқали бу саволга жавоб беришга ҳаракат қиламан: Камбағал ота омили. Дейлик, мактаб ёшидаги бола ўз отасининг доимо ўчоқ бошида юрганини кўриб катта бўляпти. Бу ҳам майли. Агар ғурурли ёш боланинг кўзи олдида унинг отасига тўй-маракаларда “Ҳей тез бўл, ўтин олиб кел, оловни ёқ, меҳмонларни кутиб ол” деб иш буюравериш ўша воқеани ўз кўзлари билан кўраётган ёш бола руҳиятида ўчмас из қолдиради: “Ҳамма катталар мазза қилиб меҳмонхонада ўтирса, нега менинг отам меҳнатдан қабарган қўллари билан ўчоқ бошидан кетмайди?”, “Отамнинг бошқа оталардан қаери кам?” ва ҳ.к. Дейлик, отаси доимо ўчоқ бошида юрадиган йигитча фақат аъло баҳоларга ўқийди. Унинг партадош ўртоғи эса нуқул иккига ўқийди, саводсиз ва тарбиясиз. Бироқ ўша иккичи боланинг отаси катта лавозимда ишлайди ва ўта пулдор одам. Табиийки бундайлар ҳар доим иззат-ҳурматда бўлишади. Бола эса илмли одамлар ҳурмат-эътиборда бўлиши керак, деган фикрда. Чунки унга мактабда ҳам, уйда ҳам “Илмли хор бўлмас ва доим иззат-ҳурматда бўлур” деб таълим-тарбия беришяпти. Бироқ ушбу боланинг кўз олдида бошқача воқеалар рўй беряпти. Ўша иккичи боланинг тўйга келган қудратли отасини юқори тавозелар билан тўрга ўтказишяпти, бироқ аълочи боланинг отаси билан ҳеч кимнинг иши йўқ. Чунки у оддий ишчи ва унинг жойи қора ўчоқ бошида. Бу ҳолатни кўрган мактаб ўқувчиси отаси олдига келиб “Ота у ким?” деб сўрайди. У катта одам болам, катта институтларда ўқиган, катта лавозимда ишлайди, катта кархонанинг раҳбари, уни барча ҳурмат қилади. Қара! Унинг тўйга келганига уй эгаси ҳурсанд! Қўллари қора, эллик ёшга кирмай беллари букчайган ва доимо тўй-маракаларда уйга, бола-чақаларимга бир лаган ош олиб кетарман, тўйга келган конфетлардан бериб юборишар, деб тўйда елиб-югуриб қора меҳнатдан қўллари қабарган отанинг бу аҳволини ҳадеб кузатаверган боланинг миясида бир умрга ўчмас из қолади: “Бундай бўлиши мумкин эмас, бу вазиятни мен ўзгартираман, мен қудратли одам бўламан, отамни қора меҳнатдан олиб чиқаман...”. Ҳаётнинг ўзи боланинг миясига солган бундай фикрлар унда кучли мотивацияни уйғотади, у бутун вужуди билан илмга шўнғийди, отасига раҳми келиб ўчоқ бошида юради, унга ёрдам беради, илк болалигидан меҳнатга меҳр қўяди ва ҳаёт нималигини кўриб боради ва ҳ.к. Камбағал она омили. Агар ўша аълочи боланинг онаси мактабда фаррош бўлса-ю, унга маошингни икки баробар ошириб берамиз, мактаб ичкарисини ҳам, ҳовлисини ҳам супуриб-сидирасан, дейишса ва бу ҳолат ўша мактабда ўқиятган боласи олдида рўй бериб турса, бу ҳолат зеҳнли болада кучли мотивация уйғонишига сабабчи бўлиши мумкин. Мактабдан чарчаб келган она уйга келиб мол-ҳолга қарайди, фарзандларига овқат тайёрлайди, гўштни граммлаб солади ва ҳ.к. Бу вазиятларни кўриб улғаяётган зеҳнли болада: “Бу ҳолат узоқ давом этиши керак эмас, отамни ҳам, онамни ҳам қора меҳнатдан олиб чиқишим керак, улар ҳам бошқа ота-оналарга ўхшаб роҳат-фароғатда яшашлари керак” каби фикрлар пайдо бўлади ва келажакда кучли инсон бўлишим керак, деган мотивацияни уйғотади. Албатта болага йўл-йўриғ кўрсатиб юбориш ўта муҳим. Профессор Зарифбой Ибодуллаевнинг “Асаб ва руҳият” китобидан олинди.