СУРХОНЛИК 17 ЯШАР ҚИЗ ЎЗИ БИЛМАГАН ҲОЛДА ЖИНОЯТГА ҚЎЛ УРДИ…
2019 йил 3 июл куни Сурхондарё вилояти Шўрчи туманида яшовчи 29 ёшли С. Х. исмли аёл 17 яшар қиз жиянлари Н. А., Н. Ш. ҳамда 15 яшар С. Ш., 24 ёшли И. О. лар билан биргаликда Хайробод маҳалласида яшайдиган қариндошиникидан қайтаётганди. Бир маҳал 23 ёшли М. И., 19 ёшли О. Т. ва 22 ёшли И. М. лар уларнинг йўлига кўндаланг бўлди. Ҳеч бир сабабсиз ҳақоратлашди, то уйга етгунларича таъқиб этиб боришди. Манзилга етишгач, безорилар ичкарига кирмоқчи бўлишди. Қаршиликка учрашгач, 23 ёшли М. И. барчаларини баттар ҳақоратлашга, кейин калтаклашга ўтди. Шу аснода уларга тан жароҳати етказгани ҳақида маълумотлар бор. Хўш, бундай лаҳзаларда нима қилмоқ керак? Бақир-чақир қилиш, қўшниларни ёрдамга чақириш керак эмасми?..
Қизлар холаси билан бирга бир амаллаб ҳовли ичкарисига киришган-у, дарвозани тамбалаб олишганди. Безориларни бу ҳам тўхтата олмади. Улар энди девор оша ҳовлига ўтиб, ожизаларни ҳақоратлаш ва камситишда давом этган. Йўқ, 17 яшар қиз Н. А. бошқача йўл тутишга қарор қилди. Ҳойнаҳой, безориларни бошқачасига чўчитмоқчи бўлди ва жонҳолатда ичкарига кириб қўлига ошпичоқни олди-ю, ортга қайтди. Ана шунда нодон қиз ростакамига нодонлик қилиб қўйди. Ўзи билибми, билмайми, безори М. И. га қўлида пичоқ билан ташланди. Қўрқувмиди, аламмиди, қизни безорининг кўксига тиғ зарбаси йўллашга мажбур этди. Иккинчи тиғ зарбаси эса безорининг қўли аралаш йўлланди.
Афсус, безори касалхонага олиб кетилиб, зарур тиббий ёрдамлар кўрсатилишига қарамай, оламдан ўтди. Шундай қилиб, энди 17 га қадам қўйган маъсума қиз қотилга айланди.