Добавить новость
World News


Новости сегодня

Новости от TheMoneytizer

ШАЙТАНАТ… (74-қисм)

* * *

 

Зоҳид қоровулга кулимсираб гапиргани билан найза санчилган ҳолга келган қалби фарёд урарди. Зоҳид чигирткадай кўринган аёлнинг бу даражадаги офат эканини тасаввур ҳам қилолмаган эди. Мана ҳозир орқасидан тепки еган нотавон одам кепатасида бўлса ҳам қоровулга сир бой бермаслик учун ҳазил билан жавоб қилиб, кўчага чиқди. Чиқди-ю, яна қайтгиси, усталик билан, маданий тарзда тепиб чиқарган Муовиннинг опажони ҳузурига кириб боргиси келди. Зоҳид уни сиртдан биларди. Зоҳидга маълум бўлгани — у қаҳрамон! Радио-телевизорда, матбуотда номи тез-тез зикр этилувчи аёл. Зоҳид семиз бу кампирнинг қиёфасини кўз олдига келтириб «Каттамизни терлатганга ўхшайди-да», деб қўйди. У билмайдики, қаҳрамон кампир у ўйлаган «катта»га эмас, балки ундан каттароғига арз қилган. Ўша каттароқ пастроққа, униси яна пастроққа зуғум қилгач, занжир реакция амалга ошиб, Зоҳиднинг бошлиғи бевошликда айбланиб, унга «сиёсий кўрлик» «унвони» берилди. Буни англаб етган раҳбар чўғни босиб олгандай талвасага тушди. Кимгаки, «сиёсий кўрлик» «унвони» насиб этдими, баланд мартабалар йўли тўсилиши ҳам майли, тагига сув кета бошлайди. Бир аҳмоқ ходимининг қилиғи учун мансабдан айрилишни ким ҳам истар эди?

Зоҳид ҳали буларни билмайди. У ҳозир кўчада кетатуриб изига хаёлан қайтиб, ҳар нарсага қодир ўша кампиршога аччиқ-аччиқ гапларни айтарди: «Минбарларда айтган гапларингиз нима-ю, бу қилиғингиз нима? Адолат, адолат, дейсиз, халқ манфаати, дейсиз.

Ўзингиз эса халқнинг бир фарзандини беайб қаматиб юборасиз. Менинг билганим фақат Суннатуллаев. Сиз яна нечта одамнинг умрига зомин бўлгансиз? Ҳеч ҳисоб-китоб қилганмисиз? Сиз минбарда кўпириб айтган адолат бошқа, биз ҳимоя қилмоқчи бўлган адолат бошқами? Адолатнинг ранги нечта ўзи? Оддий одамлар адолати жонсизу сизларники Ўлмас Кашчейдек даврон сураверадими? Ўша Ўлмас Кашчейингизнинг жони қайси қутичада сақланади ўзи? Ўша қутичага бизнинг қўлимиз етмайдими? Ундаги тухумни олиб қуритишга ким қодир?..»

Қаҳрамон кампиршога бўлган қаҳрини хаёлан сочиб бораётган Зоҳид бир зум тўхтаб, ўзидан-ўзи нафратланди. Шартта қайтишга, бу гапларни унинг юзига тик қараб туриб айтишга журъат қилолмагани учун ўзидан-ўзи нафратланди. Эркакнинг ўзини ночор сезиши — қалби учун оғир азобдир. Тан азобидан бир неча ҳисса ортиқроқдир. Тан азобигаю малҳам эм бўлар, қалб азобига-чи? Дурадгорнинг михи тугаса, бир-икки кун ночор бўлар. Аммо адолат мих эмаски, бу дўконда бўлмаса, бошқасидан топиб ишини давом эттираверса…

Зоҳид ғашланган кўйи идорасига етиб борди. Навбатчи раҳбари кутаётганини маълум қилгач, «Телефондаги гапи чала қолган экан-да» деган фикрда унинг хонаси томон юрди.

Ичкаридан раҳбарининг бақириб айтаётган гапларини эшитиб тўхтаган эди, котиба «кираверинг, кутяптилар», деди. Зоҳид эшикни очиб, ичкарига икки қадам қўйди-ю, тўхтади. Раҳбари қўлида бир тутам қоғозни ушлаб, силкитганича Зоҳиднинг ҳамкасбига танбеҳ берарди. У Зоҳиднинг кириб келганини кўрса ҳам, эътибор бермай, дағдағасини давом эттирди:

— Сиёсий кўрликдан қачон қутуласанлар ўзи?! Қачонгача мен сен галварсларни деб дакки эшитаман? Сен, қовоқмия, буларга нима деб айб қўйяпсан?

— Бандитизм… — деди терговчи.

— Ҳа, бандитизм! Кўр эмасман, ўқидим, айбловингни. Энди мен шу аҳмоқона қоғозингга қўл қўяйми? Сенга қўшилиб мен ҳам партия сиёсатига қарши чиқайинми? Сени деб мен ҳам қамоқда чирийинми? Сен менга айт, КПСС йигирма биринчи съезди қарорларини ўқиганмисан? Айт, ўқиганмисан?

— Эсимда йўқ…

— Ҳа, эсингда йўқ. Эснинг ўзи борми, сен галварсда? Сен учун мен ўйлашим керакми, а? Сенлар жарақ-жарақ пул ишлайверларинг, бойвачча бўлиб керили-иб юраверларинг. Мен эса сенлар учун ўйлаб юрай, эслаб юрай… Ҳозир чиқиб, съезд қарорларини ўрганиб, кейин келасан, — у шундай дегач, қоғозларни терговчига қараб отди. Қоғозлар мўлжалдаги манзилга етмай, сочилиб кетди. Терговчи қоғозларни йиғиштираётганида раҳбар Зоҳидга қаради:

— Қани, доно йигит, сен биласанми, партия қарорларини?

— Партиянинг қарорлари кўп, қайси бирини айтяпсиз?

— Қара-я, яхши эслатдинг, мен аҳмоқ қарорларнинг кўплигини билмас эканман. Съезд фақатгина бандитизм ҳақида қарор қабул қилган, деб юрарканман, — деди раҳбар пичинг билан. — Қани, нима деган, сен менга айт!

Зоҳид елка қисди: йигирма биринчи съезд қачон бўлгану нима деган, кимнинг эсида турибди? Ҳатто партиянинг раҳбарлари ҳам унутишгандир бу қарорларини. Нафсиламрни айтганда, ўзини сиёсий ҳушёр, билағон қилиб, ходимларини эзаётган бу раҳбар ҳам съезднинг фақат шу қароринигина биларди.

— Билмайсанлар! Ҳа, билмайсанлар, лекин донолик қилиб, осмондан келасанлар. Ўргилдим, сендақа донолардан! Сенлардақа юзта донони йиғиб келса, бир грамм ақл топилмайди-ю, яна кариллайсанлар-а! Билиб қўйларинг: КПСС йигирма биринчи съезди қарорларида «СССРда бандитизм барҳам топган», дейилган! Сен эса, — у терговчига бармоғини бигиз қилди, — «йўқ, съезд адашган, бизнинг шаҳарда бандитизм бўлиб туради», демоқчимисан? Э, ўргилдим, сенлардақа калтабинлардан. Ярим соатдан сўнг айбловни ўзгартириб кел.

— Нима деб қўяй? — деб сўради терговчи қоғозларни йиғиштириб бўлгач.

— Бало дейсанми, баттар дейсанми, ўйла, каллангни ишлат! Шу ишинг учун давлат сенга пул тўлайди. Калланг пўла бўлса, бўшатиб қўй, каллалилар ишласин!

Терговчи елкасига шу каби тавқи лаънат тошларини ортиб, ночор аҳволда хонадан чиқди.

Зоҳид эса аста юриб бориб унинг ўрнига турди. Гўё қолган-қутган лаънат тошларини ортиш учун елкасини тутди. Раҳбар унга қовоқ уюб қаради, ўзи ҳам ўтирмади, уни ҳам ўтиришга таклиф этмади.

— Хўш, доно йигит, қаерга борганингизни биласизми, ўзи?

— Оддий бир идорага, — деди Зоҳид ўзини хотиржам тутишга тиришиб.

— Сиз учун оддийдир. Аммо, — раҳбар кўрсатгич бармоғини шифтга қараб нуқди, — юқоридагилар учун оддий эмас. Сен бола, Суннатуллаевнинг алмисоқдан қолган ишини нимага кавлаштиряпсан? Сенга бу «Иш» тугалланган, ёп, дейилганми, нега ёпмаяпсан?

— Иш ҳали мутлақо мавҳум.

— Нимаси мавҳум? Суннатуллаев ўлдирилдими? Уни ўлдирганлар ҳам ўлдирилдими? Униси ҳам, булари ҳам дордан қочган жиноятчилармиди? Сенга яна нима керак? Хурсанд бўлиб ёпавермайсанми? Сен қилолмаган ишни ўзлари қилишяпти. Бир-бирининг гўштини еяпти. Йиғиштир, бунақа донолигингни!

Зоҳид Саид Қодировнинг топшириғини эслаб, раҳбарга эътироз билдирди:

— Бу ишни ёполмайман. Мени мажбур қилолмайсиз. Керак бўлса, юқорига арз қиламан.

— Ўҳ-ҳў… зўрсан-ку, а?! Қани, ёзиб кўр-чи? Э, сенга хат-савод ўргатганни… — раҳбар сўкиниб, жойига ўтирди. — Мишиғини артолмайди-ю, яна мен билан олишади-я! —

У шундай деб столи устидан бир «Иш»ни олиб, Зоҳидга узатди: — Ўн беш кунда жавобини айтасан. Бор, ишингни қил.

Зоҳид «Иш»ни олиб бурилди. Остонага етганида раҳбарнинг сўкиши эшитилди. Зоҳид орқасига кескин ўгирилиб, кўзларидаги ғазаб ўти билан унга жавоб қилди.

 

***

 

У хонасига киргач, жойига ўтиргиси ҳам келмади. Юзаси чойнак изларидан доғ бўлган стол кўзига баттар хунук кўринди. Қўлидаги «Иш» зил-замбилдай туюлиб, стол устига «тап» этиб ташлади. Қоғозлар қатидан енгил ғубор кўтарилиб, димоғини қичиштирди. Икки-уч акса ургач, енгиллашгандай бўлди.

Бирон ишга қўл урилган маҳалда юқори мартаба эгаларининг аралашувлари, оқибатда ожиз одамдай четга чиқиб қолиниши Зоҳид учун янгилик эмас. Акасининг ўлимидан сўнг бундай ҳақсизликни кўп кўрди. Одам зоти янтоқзорда юриб, оёқлари тиконларга ўргангандай, ҳақсизликка учрайверса, унга кўникиб қолади. Ҳатто ҳақсизликка узоқ вақт дуч келмаса, уни қўмсайди ҳам. Зоҳид ҳақсизлик деб аталмиш тўқайзорда юрганини аллақачон фаҳмлаб етган, неча йилки, бу тўқайзорда адолат гулини излайди. У билмайдики, тўқайзорда гул битмас, адашиб битган тақдирда ҳам ундаги тўнғизлар янчарлар, йўқ қиларлар.

Зоҳид эса излагани, гул деб ўйлагани сассиқ алаф бўлиб чиққан онларда афсусланади, аммо ишонч билан излайверади. Зоҳид илм гулшани сари бораётиб ўз йўлини тўқайзорга ўзи бурди. У тўқайзорда сассиқ алафларнинг, қамишларнинг, гулни пайҳон қилғувчи тўнғизларнинг кўплигидан ажабланмайди. Уни қийнайдиган савол битта: бу ҳақсизлик тўқайзори қачон обод бўлади? Инсон фарзандлари қачон адолат гулшанидан баҳра оладилар? Бу савол уйғонган дамда яширин бир овоз «ҳеч қачон!» деб жавоб беради.

Ана шунда Зоҳид бу овозни бўғади, адолат гулини топмоқ ишончини сўндирмайди.

Унинг бу ишончи узоқ давом этувчи хасталикка ўхшайди — ўлиб ўла қолмайди, жонланиб, жонланмайди. Ишончи ўлиб қола қолса эди, у ҳақсизлик тўқайзорини бутунлай тарк этиб, умидини шу ернинг ўзига дафн қилиб қутулар эди.

Бугун кўрган-кечирганлари унинг ишончини яна ўлим тўшагига қулатди. У зиндон нима эканини, зиндон азоби қандай бўлишини билмайди. Лекин хонаси ҳозир унга зиндон каби туюлди. Деворлар ўрнидан силжиб, хона тораяётгандай, уни эзаётгандай бўлди.

Яна бир оз шундай турса, руҳининг азобланишига чидай олмаслигини фаҳмлади. Хаёлини нима биландир чалғитиши лозимлигини англади. Бу хонада хаёлини чалғитишнинг ягона йўли — жойига ўтириш, Саид Қодировнинг айтганини бажариш — юқорига арзнома ёзиш.

Шу юмуш ўзига ҳам маъқул келиб, жойига ўтиргач, қоғоз олди-ю, ёза бошлади.

Вужудини эзаётган ҳасратлари ҳарфларга айланиб, қоғозга тушди-ю, сал енгил тортгандай туюлди. Саид Қодировга қўнғироқ қилди. У томондан жавоб бўлмагач, раҳбари берган «Иш»ни ҳафсаласизлик билан варақлай бошлади. «Иш №… Ботиров Шокир…

1986 йили 21 декабр куни балоғатга етмаган қизни зўрлаган. Ўзбекистон ССР жиноят процессуал Кодексининг 94-моддаси… Ўн бир йил муддатга озодликдан маҳрум этилган… Прокурор ўн беш йил сўраган… Жиноятчилар тўрт киши бўлган… Суд эса

биргина Ботировни ҳукм этган… Ботиров муқаддам, 1980 йилда ЎзССР жиноят процессуал Кодексининг 89-моддаси билан судланган…»

Шу жойга келганда Зоҳид сергак тортди. Ҳатто ҳуқуқ илмидан бехабар одамнинг ҳам ақли етадиган масалага нечун суд эътиборсиз қараган? Қолган учта жиноятчи қани?

Зоҳид «Балки саҳифалар ўрни алмашиб кетгандир», деган ўй билан қоғозларни бир-бир кўздан кечирди. Кейин зўрланган қиз — Моҳира Нуриддинованинг суддаги кўрсатмаларини ўқиб чиқди. Уни тўрт йигит чала битган тўрт қаватли иморатга бошлаб борган. Тўртталаси ҳам нафсини қондирган. Лекин… улар орасида Ботиров бўлмаган. Тергов пайтида «Ботировни кўрсатасан», деб мажбурлашган…

Зоҳид «Иш»ни ёпиб, ўйланиб қолди. Назарида бу «Иш» ҳам Суннатуллаевга оид «Иш»нинг мантиқий давомидай туюлди. Бир неча йиллар муқаддам Суннатуллаев туҳмат билан қамалган. (Зоҳид бугунги воқеадан сўнг унинг туҳмат билан қамалганига қатъий ишонч ҳосил қилди). — Ботировнинг «Иш»идан ҳам туҳматнинг иси келиб турибди.

«Бундай туҳмат билан қаматишдан ким қандай манфаат кўради? Шариф Намозов «Иш»ида ўртада мол-дунё турибди. Суннатуллаев эса ўша хонимчадаги йўқ номусга қурбон бўлди. Ботиров ниманинг қурбони бўлган?»

Зоҳидни таажжубга солган яна бир нарса — дастлабки суд Ботировни жиноятчи деб топиб, ўн йил муддатга озодликдан маҳрум этган. Орадан фурсат ўтиб, шаҳар суди бу қарорни бекор қилиб, Ботировни беайб деб хулоса чиқарган. Лекин орадан яна бир неча ой ўтиб, учинчи марта суд бўлган. Бу сафар Ботировнинг «жинояти» ўн бир йиллик қамоқ билан «тақдирланган». Учта ҳакамнинг уч хил муносабатига сабаб нима? Нима учун иккинчиси Ботировни оқлаган? Поранинг кучи биланми? Биринчиси билан учинчисига пора бера олишмаганми? Қиз нима учун судда бошқа, терговда бошқа гапларни айтган?

Ботировнинг одамлари қўрқитишганми ё пул бериб сотиб олишганми?

Терговда бир гапни айтиб, судда бошқасини айтиш Зоҳид учун янгилик эмас. Терговда айбини бўйнига олган жиноятчилар судда «Мен айбсизман, уришганлари учун қўрқиб, тилхат бердим», деб без бўлиб туриб олишади. Зоҳид ҳеч ёдидан чиқара олмайди: бир ўғрини жиноят устида ушлаб, иш судга оширилганда у: «Мени азоблаб қийнашганди, мен ўғри эмасман», деб туриб олган эди. Ўзига нисбатан бўлган бу туҳматга Зоҳиднинг чидаши қийин бўлган эди. Орадан йиллар ўтиб, ҳозир эсласа, эти жимирлаб кетаверади. Шу сабабли ҳам Ҳамдам Толиповнинг усулини ёқтирмай, у билан кўп баҳслашарди.

Зоҳид «Иш»ни яна варақлаб, қизиқиши орта борди. Сўнг Ботировни шаҳар қамоқхонасига кўчириш, қизни ва бошқа гувоҳларни терговга чақириш хусусида керакли ҳужжатларни тайёрлашга киришди. Лозим қоғозлар тахт бўлганида шом қоронғуси чўка бошлаган эди.

Икки кундан сўнг унинг хонасига ҳали йигирмага тўлмаган қиз билан ёши элликдан ошган, одми кийинган, қотмадан келган аёл кириб келди. Зоҳид тергов бошлаш учун қоғоз-қаламларини тайёрлаётган дамда қизга зимдан разм солди. Шўхлиги, ўйинқароқлиги билиниб турибди. Аммо кўз қарашларида бузуқлик аломати сезилмайди.

Суннатуллаевга осилган хонимчадай ғаркўз эмас.

— Хола, илтимос, сиз ташқарига чиқиб туринг. Аввал қизингиз билан гаплашиб олай.

Зоҳид мулойимлик билан мурожаат этган бўлса-да, аёл зардали овоз билан жавоб қайтарди:

— Нима гапингиз бўлса менинг олдимда сўранг. Сизларни биламан, сиртмоқни айлантириб келиб қизгинамнинг бўйнига ташлайсизлар. Уч йилдан бери ҳали у ёққа судраб, ҳали бу ёққа судраб, қизим шўрликни жинни қилиб юборай дедингизлар.

— Агар мендан гумонсираётган бўлсангиз, марҳамат, адвокат ёлланг, адвокат иштирокида сўроқ қилай.

— Адвокатингизга тўлайдиган пулим йўқ, — деди аёл зардали овозига яна куч бериб.

— Адвокатингиз нима-ю сиз нимасиз… — аёл «бир гўрсизлар», демоқчи бўлди-ю, тилини тийди. Зоҳид унинг фикрини уқиб:

— Оқ ит, қора ит — барибир итми? — деди пичинг билан.

— Унақа демоқчимасман.

— Сиз мени биринчи марта кўриб турибсиз. Бу «Иш»ни мен кавлаб чиқарганим йўқ.

Қизингиз суд ноҳақ, прокурор ноҳақ, деб катта идораларга арз қилибдилар.

— Ҳа, арз қилди. Жиноятни қилганлар айшини суриб юришибди. Сиз бир шўрликни қамаб, адолат бўлди, деб керилиб юрибсиз.

— Уни мен қамаганим йўқ шекилли?

— Сиз бўлмасангиз бошқаси. Мен сиз деб идорангизни айтяпман, — деди аёл сўзига аниқлик киритиб.

— Менинг идорам ҳам қамамайди. Сиз жиноятчиларнинг айшини суриб юрганларини қаердан биласиз?

— Қизимнинг ўзи кўрган уларни. Кўчада кўрган. Бир шўрлик бояқишнинг қамалиб ётишига менинг виждоним чидамайди.

— Қизингизни ариза ёзишга сиз ундадингизми?

— Қизим аҳмоқ эмас, унда ҳам виждон бор. Сиздақаларда… — Аёл гап келганда отасини аямайдиган тоифадан эди. Хонага кирганида «бу бола ғиди-биди деса бир боплай», деб кўнглига туккан эди. Зоҳиднинг мулойим муомаласи уни шаштидан қайтарди.

— Биздақаларда виждон йўқми? — деди Зоҳид, унинг чала қолган гапини давом эттириб.

— Унақа демоқчимасман… Ўзингиз ўйлаб кўринг: қизим билан катта идорага бордик.

Адолат қилинг, бир бояқишнинг умри завол топмасин, дедик. Гапларимизни эшакка айтсак тушунарди, у одам тушунмади. Қизим шунда «агар адолат қилмасангиз ўзимни ёқаман», деди. У тўнка нима деб жавоб қилганини биласизми?

— Сиз айтсангиз биламан.

— У тўнка, қизимга гугуртини узатди. «Манг, ёқсангиз ёқинг», деди балогинага учрагур. Кейин менга «Сиз чиқиб туринг», деди. Мен меров бўлмасам чиқармидим?

Чиқдим. Инсофга киргандир, десам у қирчинингдан қийилгур қизимга «Кечроқ келинг, сизни зўр жойга ишга киритиб қўяман», дебди. Ҳе, идоранг бошингдан ордона қолсина…

— Холажон, бу гапларни қўйинг. Менинг ишим бошқа. Майли, менга ишонмасангиз ўтираверинг, — Зоҳид шундай деб бир оз сукут сақлагач, қизга қаради: — Нуриддинова, бўлган воқеани бир бошдан айтиб беринг.

— Анави қоғозларингизда бор-ку ҳамма гап? — деди аёл.

— Мен ўзларидан эшитмоқчиман. Сиз аралашмай ўтиринг.

Қиз хўрсиниб қўйди. Орадан йиллар ўтган бўлса-да, унга ўша шармандали воқеани эслаш оғир эди. Ўша воқеадан сўнг ёпиғлиқ қозон ёпиғлигича қолса майли эди.

Ўшандан бери бу ҳолатни неча марта баён этди. Йигитнинг ширин сўзларига учиб, ўсмирликнинг бевош сурурига банди бўлиб, ўша машинага чиқмаганида, дугонасига қўшилиб уйига кетаверганида, ўша иморат ичига кирмаганида бу машмашалар йўқ эди. Иморат сари юраётганида ақл кўзи кўр эди. Биринчи йигит билан роҳат баҳрида сузаётганида ҳам ожиз эди. Бу ақл кўзи қурғур анча кеч очилди. Билмайин босилган тиконнинг азобларини билганида эди бевошлик кўчасига қадам қўймаган бўларми эди…

Зоҳид унинг қийналаётганини сезиб, далда бериш мақсадида:

— Демак, 1986 йил, 21 декабр, — деб қоғозга шу санани ёзди.

— Адамларни кўргани касалхонага борувдик…

— Соат нечада? Ким билан борувдингиз?

— Соат тўртларда… Дугонам Шаҳло деган қиз билан… Кўчада тўртта йигит турган экан. Мошинада айлантириб келамиз, дейишди. Шаҳло уйига кетди. Мен чиқдим.

— Машина кимники эди?

— Билмадим.

— Такси эди, — деди аёл аниқлик киритиб.

— Хола, сиз аралашмай туринг, — деди Зоҳид унга танбеҳ бериб. — Демак, машина кимники эди?

— Такси эди…

— Таксилигини қаердан билдингиз?

— Ҳалиги… анақаси бор эди.

— Нимаси?

— Кўк чироғи… Кейин томида ҳам белгиси бор эди.

— Ўша машинада анҳор бўйидаги иморатга бордингларми? Биринчи бўлиб сизга ким яқинлашди? Ботировми?

— Вой, у бола бўлмаган, — деди аёл.

— Хола, сиз менга халақит беряпсиз. Чиқиб туринг, — деди Зоҳид қатъий тарзда. Кейин фикри қатъийлигини англатиш учун ўрнидан туриб, эшикни очди. Аёл энди баланд келолмаслигини фаҳмлаб, аста ўрнидан турди. Туриш жараёнида қизининг елкасини чимчилади.

— Овсармисан, мунча лалаясан? — У эшик остонасига етганида Зоҳидга эшитиларли тарзда минғирлади: — Терговларинг ҳам ордона қолсин. Мени адойи тамом қиласанлар ҳали.

Тўрттагина гўрсўхтани ушлаб қамаш қўлларингдан келмаса, нималарингга кериласанлар?!

Зоҳид жойига ўтиргач, сўроқни давом эттира олмади.

Сўроқни якунлаб, қиз чиқиб кетганидан сўнг ҳам анча пайтгача қўли ишга бормади. «Менга қолса, — деб ўйлади у, — Ботиров бу ишга аралашган бўлса ҳам қамамас эдим. «Зўрлаш»… деймиз. Бу қанақасига зўрлаш бўлсин? Битмаган иморатга ўз оёғи билан юриб борган. Биров уни судрамаган. Қўл-оёқларини ушлаб турмаган ҳеч ким. У дод солиб ёрдамга чақирмаган. Нимаси зўрлаш бунинг?

«Номусга тегиш»… деймиз. Ўша иморатга киргунича номуси бўлганми ўзи? Зоҳид буни ҳам сўради қиздан. Қиз ўшангача ҳеч ким билан яқин бўлмаганини айтди. Лекин Зоҳид бу гапга унча ишонмади. Бу роҳатни аввал тотиб кўрмаган қизнинг овлоқ жойга индамай кириб бориши мумкин эмасдай туюлди унга.

(давоми бор)

Тоҳир МАЛИК

Читайте на сайте


Smi24.net — ежеминутные новости с ежедневным архивом. Только у нас — все главные новости дня без политической цензуры. Абсолютно все точки зрения, трезвая аналитика, цивилизованные споры и обсуждения без взаимных обвинений и оскорблений. Помните, что не у всех точка зрения совпадает с Вашей. Уважайте мнение других, даже если Вы отстаиваете свой взгляд и свою позицию. Мы не навязываем Вам своё видение, мы даём Вам срез событий дня без цензуры и без купюр. Новости, какие они есть —онлайн с поминутным архивом по всем городам и регионам России, Украины, Белоруссии и Абхазии. Smi24.net — живые новости в живом эфире! Быстрый поиск от Smi24.net — это не только возможность первым узнать, но и преимущество сообщить срочные новости мгновенно на любом языке мира и быть услышанным тут же. В любую минуту Вы можете добавить свою новость - здесь.




Новости от наших партнёров в Вашем городе

Ria.city
Музыкальные новости
Новости России
Экология в России и мире
Спорт в России и мире
Moscow.media










Топ новостей на этот час

Rss.plus